21:45 / 09.04.2020
15661

Австрия ва Дания карантин чекловларини юмшатмоқчи. Экспертлар эҳтиёткорликни тавсия қилмоқда

Австрия ва Дания коронавирусга қарши қўлланган чекловларни юмшатиш ҳаракатида. Экспертлар эса карантин чораларининг эрта енгиллаштирилиши вирусни аввалгига қараганда ёмонроқ авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Венадаги тарих музейи / Фото: Christian Bruna / EPA-EFE / Shutterstock

Бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Айрим мамлакатлар вирусдан зарарланиш хавфига қарамай, вирусга қарши курашиш чораларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқа бошлади, деб ёзади Business Insider.

Аввалроқ вирус ўчоғи бўлган Италия касалланиш ҳолатларининг камайгани ҳақида маълумот берди. Бу зарарланиш авж нуқтасидан ўтиб бўлганини англатиши мумкин. Рақамлар Италияни «блоклаш» бўйича 9 мартда белгиланган қатъий чоралар вирус тарқалишини секинлаштириш учун самарали бўлганини кўрсатмоқда.

Бошқа мамлакатлар, жумладан, Хитой, Испания ва Жанубий Корея ҳам ҳам касалланиш ҳолатлари пасайгани ҳақида хабар берди. Бу эса ижтимоий масофаланиш йўли билан касалланишни камайтириш мумкинлигини кўрсатади.

Касалликнинг собиқ эпицентри бўлган Хитойда сўнгги бир неча ҳафта давомида дўкон, бар ва кинотеатрлар аста-секин очилмоқда. Коронавирус тарқалишининг авж олиши мамлакатда февраль ойининг ўрталарига тўғри келди. 780 миллионга яқин одам чекловлар ва карантинда бўлди. Соғлиқни ва хавфсизликни сақлаш бўйича айрим чораларининг сақлаб қолинишига қарамай, чекловларнинг юмшатилиши айрим жойларга сайёҳлар оқимини кўпайтирди. Коронавирус билан зарарланишнинг янги ҳолатлари аниқлангач эса бу чоралар тезда ўзгартирилди.

2020 йил 5 апрель, Хитой шарқидаги Чжэцзян провинцияси. Ниқоб таққан туристлар Ханчжоудаги Ғарбий кўл паркига кетишмоқда
Фото: Flavio Lo Scalzo/Reuters

Данияда ҳам коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари сўнгги ҳафтада камайди. Бош вазир Метт Фредериксен Пасха байрамидан кейин мамлакатни карантин чораларидан аста-секин халос қилишни таклиф этди.

«Ўтган ҳафта давомида беморларни касалхонага ётқизиш ҳолатлари ундан аввалги ҳафта билан таққослаганда, бошқа мамлакатлардаги кўрсаткичларга қараганда камроқ, – деди Фредериксен. – Агар келаси икки ҳафта давомида кўрсаткичлар барқарорлиги сақланса, ҳукумат жамиятни аста-секин, ўз назорати остида оча бошлайди. Чекловларнинг олиб ташланиши одамларнинг ишга ва мактабга қайтишига тегишли бўлади, жамоат тадбирларига бўлган чекловлар сақланади», – деди у.

Австрия ҳам жамоат транспортида юз ниқобларидан фойдаланиш каби чораларни қўллаган ҳолда Пасха байрамидан кейин дўконларни аста-секин очмоқчи. 6 апрель куни Австрия канцлери Себастьян Курц мамлакатда бизнесни жонлантиришнинг «эҳтиёткор чораси»ни тақдим этди.

«Австрия бошқа мамлакатларга қараганда тезроқ ва анча босиқлик билан реакция қилди, – деди у. – Шу тариқа биз ёмон ҳолатларнинг олдини олишга муваффақ бўлдик. Бу ҳолат бизга чораларга амал қилган ҳолда инқироздан тезроқ чиқишга ёрдам беради».

Режа бўйича 14 апрелдан бошлаб кичик дўконлар, боғдорчилик ва ҳунармандчилик марказлари очилади. Курц қолган барча дўконлар ва марказлар 1 майдан бошлаб ҳимоя чоралари остида очилишига умид билдиришини айтди.

Италия ҳам коронавирус тарқалиши билан боғлиқ чекловларни олиб ташлаши мумкин. 6 апрель куни Италиянинг Corriere della Sera газетаси мамлакатдаги айрим корхоналарга апрель ойининг ўрталарида ўз фаолиятини қайта тиклашга рухсат берилиши ва саёҳат қилиш билан боғлиқ айрим чекловлар май ойида олиб ташланиши мумкинлигини маълум қилди.

Касаллик тарқалишининг тўхташига бўлган ишонч ҳиссига қарамай, экспертлар чекловларнинг эрта олиб ташланиши касалликни енгган мамлакатларда «инфекциянинг иккинчи тўлқини»га сабаб бўлишидан огоҳлантиришмоқда.

«Соғлиқ ва иқтисодиёт ўртасида катта ва мураккаб келишув турибди, – дейди Янги Зеландиядаги Отаго университети жамоат соғлиғини сақлаш кафедраси профессори. – Эҳтимол, айрим ишбилармон кишилар қурбонлар сони катта бўлса ҳам иқтисодиётни юқори даражада қўллаб-қувватлаган яхшироқ деб ўйлашаётгандир».

Австралиядаги Янги Жанубий Уэльс университетининг инфекцион касалликлар бўйича мутахассиси Минь Куонг Дуонгнинг фикрича, Австрия ва Дания раҳбарлари ўз жамиятларини «нормал ҳаётга» иложи борича тезроқ қайтаришга шошилмоқда.

«Ўйлайманки, ҳукуматлар ҳамжамиятнинг нормал ҳаётга қайтиш борасидаги хавотирига барҳам бериб, карантиннинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини юмшатишни исташяпти», – дейди Дуонг. У соҳаларни очиш қарори «ижобий белгиларга» асосланган «эҳтиёткорона, аста-секинлик билан амалга оширилган қайта туғилиш» бўлишини таъкидлади.

«Карантин COVID-19 тарқалишини секинлаштиришда ёрдам беради ва шу тариқа юқишни тўхтатиш, янги ҳолатлар ва ўлим кўрсаткичини пасайтириш учун скрининг, контактларни кузатиш, шубҳали ҳолатларни изоляция қилиш ва юқтириш ҳолатлари ҳисобини юритишга тайёрланиш учун кўпроқ вақт беради. Буларнинг ҳаммаси ўз жойида бўлганидан кейингина карантин чораларини бекор қилиш ишончли бўлади», – деди Дуонг.

У инфекцияни юқтириш каби ҳар қандай салбий ҳолат мамлакатни зудлик билан ёпишга олиб келишини ҳам таъкидлади.

Шунга қарамай, экспертлар иқтисодий манфаатлар истиқболларига қарамай, карантин чораларининг юқори даражадаги эҳтиёткорлик чораларисиз бекор қилиниши илгаригидан ҳам ёмонроқ ҳолатларга олиб келиши мумкин, деган фикрни билдиришмоқда.

«Агар карантин чоралари юмшатилса, мамлакатлар Италия, Испания ва Нью-Йоркда бўлгани каби касалхона ва интенсив даволаш муассасаларининг беморлар билан тўлиши ҳолатига тушиши мумкин. Карантин эса шу каби шарт-шароитларни яратиб олишга имкон беради», – дейди Янги Зеландияда фаолият юритаётган профессор Уилсон.

Янги Жанубий Уэльс университетидаги жамоат соғлиғини сақлаш ва тиббиёт мактаби ўқитувчиси доктор Дэвид Мускателло бу босқичда коронавируснинг олдини олиш бўйича чекловларнинг кучсизлантирилиши ёрдам бера олиши ҳақида фикр билдириш қийинлигини айтди.

«Агар чекловлар вирус юқишини назорат қилишда биз ўйлаганчалик самарали бўлса, у ҳолда чекловларнинг олиб ташлангач, кўпчиликнинг коронавирусни юқтириб олиш хавфи бор. Эпидемия авж олиши мумкин. Бу эса айниқса одамлар саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими учун жиддийроқ оқибатлар олиб келади», дейди Мускателло.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top