13:50 / 09.04.2020
15085

Тошкентда об-ҳаво ноқулайлиги туфайли электр тармоқларида 44та узилиш рўй берди

Кучли шамол ва қор ёғиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр тармоғида узилишларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги электр таъминоти 18:00 гача тикланишини маълум қилди.

8 апрелдан 9 апрель кунига ўтар кечаси кучли қор ёғиши кўплаб дарахтлар синишига, электр тармоқларида узилишлар ва газ қувурлари шикастланишига сабаб бўлди. 

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, жами 44та электр тармоқларида узилиш кузатилди, 31та ҳолат эрталаб соат 10:00га қадар бартараф этилиб, ҳозирда 13та электр тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Булар:

  • Олмазор тумани, Қорақамиш 2/3 ва 1/3 мавзеларида;
  • Юнусобод тумани, «Исломобод» ва «Ҳасанбой» маҳаллалари, 14-мавзе, Марказ-4 мавзеларида;
  • Мирзо Улуғбек тумани, «Улуғбек» маҳалласида;
  • Учтепа тумани, «Кўксарой» маҳалласида;
  • Чилонзор тумани, «Бешқўрғон» маҳалласи ва Чилонзор кичик саноат ҳудудида;
  • Шайхонтоҳур тумани, «Самарқанд дарвоза», «Сузук ота» ва «Гулобод» маҳаллаларида.

Жами 20та газ тармоқлари узилиши кузатилиб, 7та ҳолат эрталаб соат 10:00га қадар бартараф этилиб, ҳозирда 13та манзилда газ қувурларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Улар:

  • Чилонзор тумани 9-мавзедаги 61-уй, 3-мавзедаги 78-уй, 6-мавзедаги 52-уй, 5-мавзедаги 11-уй, 6-мавзедаги 67-уйларда;
  • Миробод тумани, Файзобод кўчаси 42-уйда;
  • Олмазор тумани, Чуқурсой кўчаси 2,17 ва 18-уйларда;
  • Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси 17-уйда;
  • Учтепа тумани, 11-мавзе 17-уй, Заргарлик корхонаси,  
  • Яшнобод тумани, Авиасозлар 4-уй ва Бирлашган кўчаси 10-уйда.

Электр ва газ тармоғидаги узилишлар сабабли шаҳардаги 7та локал қозонхоналар (Мирзо Улуғбек тумани - 5та, Шайхотоҳур – 2та) фаолияти тўхтатилган.

Уларга уланган 148та кўп қаватли уйларга иссиқлик таъминотини етказишнинг вақтинча имконияти йуқ. 

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Ҳозирда ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Аварияларни тезкорлик билан бартараф этишга барча коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг тегишли куч ва воситалари жалб қилинган.

Кун якунига, яъни соат 18.00га қадар аниқланган узилиш ҳолатлари тўлик бартараф этилади», дейилади шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Гидрометерология маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 7-9 апрель кунлари кучли ёғингарчилик ёғиши (айрим жойларда ёмғир қорга айланиши), ҳаво ҳарорати 0-5 даражагача кескин тушиб кетиши, кучли шамол бўлиши ва шамол тезлиги 15-20 м/с.гача, айрим жойларда 23-28 м/с.гача кучайиши тўғрисида хабар қилган эди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top