14:00 / 11.04.2020
27475

Онасининг операцияси учун тикувчилик қилиб пул йиғаётган 5 қизга кўмак зарур

Таҳририятимизга хайрия кўмагини сўраб Наманган вилояти Норин тумани Нурзиё маҳалласидан мурожаат қилган оила яхшилар кўмагига муҳтож. Улар тўшакка михланиб қолган онанинг оёққа туриши учун ҳаракат қилишмоқда.

Беморнинг қизи Умида Мамадалиеванинг айтишича, унинг онаси – Ўғилхон Мамадалиева 2018 йилда Наманган вилояти кўптармоқли тиббиёт марказида ўт пуфагидан тош олдирган. Бироқ операциянинг нотўғри кечиши туфайли шифокорлар томонидан жигардаги томирларга зарар етказиб қўйилган. Шунинг учун ҳозирги даврга қадар тўшакка михланиб қолган Ўғилхон Мамадалиева 5 марта турли оперецияларни бошидан ўтказган.

«Охирги операциядан кейин ҳиндистонлик шифокорлар онамни консультациядан ўтказишди. Уларнинг айтишига қараганда онамнинг жигарлари яроқсиз аҳволда, томирлари жиддий зарарланган. Фақатгина Ҳиндистонда жигар кўчириб ўтказиш йўли билангина онамга ёрдам беришнинг имкони бор экан. Агар имкон бўлиб операцияга пул йиғилса, мен донор сифатида онамга ўзимнинг 70 фоиз жигаримни бермоқчиман», - дейди Умида Мамадалиева.

Унинг айтишига қараганда, Ҳиндистонда операцияни ўтказиш, бориш-келиш харажатлари учун 27 минг АҚШ доллари атрофида маблағ зарур. Ҳозиргача яхши инсонлар кўмаги, турли хайрия тадбирлари орқали 8 минг доллар пул йиғилган.

«Онамнинг қорнига икки йилдан бери резина ичак ўрнатилган. Унга ҳар соатда махсус дори юбориб турилиши керак, агар вақтида қилинмаса, қон қотиб, комага тушиб қолиши мумкин экан. Шунинг учун дадам ишлай олмайди, онамга улардан бошқа қарай оладиган одам йўқ.

Биз оилада 5 нафар қиз фарзандмиз. Шу кунгача онамнинг ҳамма операциялари учун пулни Тошкентда тикувчилик қилиб ишлаб топганмиз. Ҳозир карантин бўлгани учун ишлаш имконимиз ҳам йўқ. Кунлик дорилар ҳатто озиқ-овқат учун ҳам пул топишга қийналяпмиз. Уйимизни сотиш ҳақида ҳам ўйладик, бироқ онам бунга рози бўлмади, ҳали 3 синглимизни узатишимиз керак. Уларининг тақдирини ўйлаб бундай қилолмаймиз», дейди Умида Мамадалиева.

Бемор эса қизларини қийнаб қўйганидан, уларга оналик меҳри кўрсата олмаётганидан ҳам азобланмоқда.

«Қизларим мен туфайли ўқишга ҳам имкон топишмади. Қаерда даволансам, ўша атрофда иш топиб мен учун пул топишга ҳаракат қилишди. Мен ҳам уларга меҳрибонлик қилиб, бошини силагим келади.

Агар тузалиб оёққа турсам, ўзим каби ёрдамга муҳтож бўладиганларга ёрдам қўлини чўзишни ҳам орзу қиламан», - деди Ўғилхон Мамадалиева.

Ўғилхон Мамадалиевага оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0423 5488 3356 Agrobank (қизи Мамадалиева Ҳуснида номида)

Сбербанк: 4817760222501789 (қариндоши Зуфар Маллаев номида);

Телефон рақами: +998930590073 (қизи Умида Мамадалиевага тегишли).

Зилола Ғайбуллаева

 

Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top