15:18 / 11.04.2020
6922

Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманда ўт очишни икки ҳафтага тўхтатди

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон ўз баёнотида Яманда қонунийликни қўллаб – қувватлаш коалицияси жорий йилнинг 9 апрелидан эътиборан икки ҳафта муддатга бу давлатда ўт очишни ҳар томонлама тўхтатишини эълон қилди. 

Фото: Nariman El-Mofty /AP

Бунда БМТ Бош котибининг Яман бўйича махсус вакилининг ҳарбий низога чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланиб, асосий эътибор коронавирусга қарши кураш ва тарқалишининг олдини олишга йўналтирилиши билдирилган. 

Ямандаги ҳозирги низо 2014 йилда бошланиб, шиаларнинг зайдийлар йўналишига мансуб бўлган Ҳусийлар жангарилари ўша йилнинг сентябрида пойтахт Санани эгалладилар. 2015 йилнинг бошларида Яманда ҳокимият тўлалигича Ҳусийлар қўлига ўтди. Президент Абдурабб Мансур Ҳодий ва ҳукумат аъзолари Яман жанубидаги Адан шаҳридан паноҳ топдилар. 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги бошчилигидаги Яманда қонунийликни қўллаб-қувватлаш коалицияси 2015 йилнинг февралида қонуний ҳукумат томонида туриб, Ҳусийларга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Коалация таркибига Саудия Арабистони билан бирга Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Кувайт, Қатар, Иордания, Судан, Марокаш, Покистон, Сенегал кучлари кирди. Асосан Саудия Арабистони кучларини бирлаштирган коалиция кучларидан кейинроқ Қатар, Марокаш ва бошқа айрим давлатлар қўшинлари чиқиб кетди.  
Ҳусийлар жангарилари билан Яманда қонунийликни қўллаб-қувватлаш коалицияси ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида мамлакатнинг катта қисми вайрон бўлди, аҳолининг аксарият қисми оғир гуманитар аҳволдан азият чекмоқда. 

Коалиция томонидан Ҳусийлар жангариларини Эрон қўллаб-қувватлаётгани кўрсатилади. Хусусан, Саудия Арабистони Ҳусийлар жангариларининг Подшоҳликдаги шаҳарларга ракета зарбалари ва учувчисиз самолётлар билан ҳужумлари амалга оширилишида Эронни айблайди. 

Маълумот тариқасида шуни айтиш керакки, Зайдилар Яман аҳолисининг тахминан 1/3 қисмини ташкил этиб, асосан мамлакат шимолида истиқомат қиладилар.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top