20:04 / 12.04.2020
35430

«Буюк келажакни хоҳласак, аёлларга муносиб билим беришимиз керак» — Чикаго университетининг ўзбек магистранти билан суҳбат

«Хориждаги ўзбеклар» рукнининг навбатдаги қаҳрамони – АҚШнинг Чикаго университети магистратура босқичи талабаси Нигорахон Содиқова.

Нигорахон халқаро тижорат ҳуқуқи ва давлат бошқаруви йўналишида таҳсил олмоқда.

Маълумот учун, Чикаго университети – қатор нуфузли рейтингларда дунёнинг ТОП-10 университетлари қаторига киритилган, USNEWS рейтинги бўйича АҚШда 3-ўринда туради. Олийгоҳ битирувчилари орасида Нобель мукофоти совриндорлари, таниқли давлат ва фан арбоблари ҳамда машҳур бизнес асосчилари талайгина.

– Сизнингча, ҳуқуқий жиҳатдан ОАВнинг эркинлиги нима? АҚШ ва Ўзбекистон қонунчилигида ОАВ эркинлигининг кафолатларини таъминланишида қандай асосий фарқлар бор?

– Авваламбор, ҳар бир билдирилган фикр яшашга ҳақли, деб ҳисоблайман. Инсон муайян масала юзасидан ўз фикрига эга бўлиши ва уни билдиришга қўрқиши керак эмас, чунки битта масалани ҳар ким ҳар хил қирралардан кўра олади ва ҳар бир инсоннинг фикрига ҳурмат билан қарай олиш керак. Ҳаттоки у фикр сизнинг фикрингизга мутлақо қарши бўлса ҳам. АҚШ жамияти ва хусусан ОАВ ҳам шундай фалсафага асосланади.

АҚШда ОАВ ҳуқуқий жиҳатдан эркин бўлса ҳам, буларда ҳам дезинформация қилиш, троллинг қилиш, ўз ғоясини оммага мажбурлаб боғлашга уриниш, манипуляция қилиш каби салбий таъсирлар ҳам талайгина. Лекин АҚШ ОАВ Ўзбекистон ОАВдан жуда катта фарқ қилади, уларда ОАВ – ҳақиқатдан ҳам эркин, кучли ва мустақил институт. ОАВ ўзининг репутациясини ўйлайди, шунинг учун улар инсонлар ишончини йўқотишдан қўрқади, улар учун энг муҳими – инсонларнинг ишончи.

ОАВ кўп жиҳатлардан қонунчилик шаклланишига, муайян муаммони ечишга кўмакдош бўлади.

АҚШ журналистикасининг Ўзбекистонникидан яна бир катта фарқи – ОАВ мансабдор шахсларни суҳбатга тутишга, исталган саволи билан мурожаат қилишга қўрқмайди. Ҳаттоки давлат раҳбарини ҳам омма олдида сўроққа тутиб, танқид қилишади. Давлат хизматчиси бўлишни бўйнига олдими, ҳар қандай танқидга ва пресса тарафдан берилган саволларга тайёр бўлиши керак, деган ғоя бор америкаликларда.

Америкада сиёсатчи бўлишнинг баҳоси катта, ОАВ сиёсатчиларни жуда катта босим ва танқид остида ушлаб туради.

Шуни тан олиш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ОАВ ҳам жуда катта шиддат билан ривожланиб келмоқда. Бу, албатта, жуда катта ютуқ, деб ҳисоблайман. Чунки муаммони гапирмасдан, тан олмасдан туриб, уни ечиб бўлмайди. Бизда муаммолар кўтариляпти, улар гапирилиб, ОАВ орқали ёритиляпти, демак бу дегани масала ечимини излаш ҳам бўлади.

Америкада ҳам бундай кучли институт бир кунда шаклланмаган, уларда бундай ўзгаришга хусусий ОАВлар сабабчи бўлган, деб ўйлайман. Мисол учун СNN, Fox News каби машҳур ОАВни шахсий тадбиркорлар ташкил қилган. Ўйлайманки, биз ҳам хусусий ОАВларни ривожлантиришимиз керак, чунки давлат томонидан бошқарилган ОАВдан кўра, хусусий бошқарилган ОАВ оддий одамлар учун  ишончлироқ ва шаффофроқ бўлади.

– Коррупциянинг асосий сабаблари нимада? Давлат хизматчиларининг ойлик маошлари юқори бўлиши коррупция бўлмаслигининг кафолати бўла оладими?

– Коррупциянинг асосий сабаби бу – давлат хизматчиларининг олган маоши билан яшаш харажатларига кетказадиган маблағи бир-бирига тўғри келмаслигида ва сиёсий институтларнинг кучсизлигида, деб биламан.

Давлат хизматчиларининг ойлик маошлари юқори бўлиши коррупция бўлмаслигини кафолати бўлмайди, лекин унинг минимум кўрсаткичга етказишга ёрдам беради. Мисол учун, АҚШда ойлик маошлар жуда катта ва шунга яраша ишга кириш жараёни ҳам жуда мураккаб ва талабгирлар кучли рақобат билан имтиҳонлар асосида танлаб олинади. Катта лавозимда ишлайдиганларнинг кўп қисми сайлов асосида ишга қўйилади. Мисол учун, шаҳар ҳокимлари шаҳар сайловларида ўша шаҳарда яшовчи аҳолининг тўғридан тўғри овоз бериши орқали сайланади.

Сайланган ҳоким ҳар чоракда аҳолисига қилинган ишлар бўйича ҳисобот бериб боради ва бу орқали шаффофликни таъминлаб боради. Шу боис, давлат хизматчилари ишлаб турган лавозимини суиистеъмол қилишни хоҳламайди.

Лекин, қизиғи шундаки АҚШда ҳам хусусий секторга ишга таниш-билиш орқали кириш кенг тарқалган. Буларда бу очиқчасига ҳам қилинади, университетларнинг карьера қилишга оид сессияларида машҳур компанияларга ишга жойлашиш учун кўпроқ таниш орттириш керак, деб маслаҳат берилади.

Албатта, биздаги каби, фалончининг жияни бўлганингиз учунгина лавозимга тайинлашмайди. ТОП-университетларга машҳур компаниялардан вакиллар келиб, талабалар билан ахборот алмашишади ва уларга контактларини беради ва шу орқали улар танишларга айланишади, бу эса ўша компанияга ишга кирмоқчи бўлган номзодларга кўпроқ имконият беради.

Президент Клинтон номидаги мукофот билан такдирланган студентларни табриклаш учун UChicago Harris School ректори томонидан уюштирилган учрашувда

– Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида АҚШ тажрибасидан фойдаланиш мумкинми?

– АҚШнинг ҳуқуқ тизимидан албатта кўп соҳаларда ўрнак олсак бўлади, лекин ҳамма соҳада эмас. Хусусан, Американинг тиббиёт тизими ва фуқароларнинг қуролга эга бўлиш ҳуқуқи жуда кўп салбий оқибатларга сабаб бўлиб келмоқда.

Тиббиёт тизимида докторлар қабулига кириш учун беморлар 6 ойлаб кутиши, кўрсатиладиган хизматлар нархи ҳаддан ташқари юқорилиги, суғурта тизими мураккаблиги ва бошқа бир қатор омиллар Америкада тиббиёт тизимини ўта самарасиз қилиб қўйган.

Америкаликларнинг қуролга эга бўлиш ҳуқуқи АҚШ конституциясида кафолатланган. Қуролга эга бўлиш, сотиб олиш, ишлатиш ва сотиб юбориш қоидалари ҳар бир штат учун алоҳида тартибга солинган.

Тадқиқотларга кўра, Американинг 40 фоиз аҳолисида қурол бор, давлатда содир бўладиган суицидларнинг 60 фоизи қурол ишлатилиши орқали содир бўлган ва ҳар йили 40 мингдан ортиқ киши қуролдан ҳалок бўлади. Шу сабабли АҚШ дунёдаги яшаш учун энг хавфли давлатлар қаторидан жой олган.

Юқорида кўрсатилган икки масала юзасидан АҚШ неча йиллардирки қонунчиликка ўзгартириш киритишга чоралар кўради, лекин шу кунга қадар бу икки соҳани ҳал қилишда ижобий натижага эришилмай қолмоқда.

–  Американинг ривожланиш тарихи ва бугунги тараққиётига қараб нима дея оласиз, Ўзбекистон ўз ҳуқуқ тизимини яратишда тўғри йўлдами? Ёки бу бўйича бирор тавсияларингиз борми?

– Албатта, Америка ҳам бир кунда Америка бўлиб қолмаган. Ривожланиш тарихига назар солсангиз, ҳуқуқий тизимида киритилган ҳар бир ўзгартириш ортида тарихий сабаблар ётган бўлади. Бу ўзгаришларга оддий ҳалқнинг ўзи сабабчи бўлган бўлади.

Америка билимли инсонларга катта имкониятлар яратади, уларнинг ривожланиши учун ҳамма ресурсларни таъминлайди, дунё бўйлаб талантларни ўзида йиғади. Шу сабаб ҳам америкаликларда ўқишга, изланишга интилиш юқори.

Ўқиб шаҳар олиб берармидинг, деган айримларга шуни айтган бўлардимки, Америка буюклигининг энг асосий манбайи – бу ўқишга ва ўқиганларга қаратилган эътибордир. Дунё тараққиёти асосида ўқиш ва изланиш ётибди. Бизда шундай тор фикрлайдиган одамларгина мамлакатимиз ривожланишимизга катта тўсиқ бўлиб келмоқда.

Аслида илм-фан ривожланишида бизнинг аждодларимизнинг ҳиссаси жуда катта. Улар ёзиб қолдирган қўлланмалардан ҳозиргача нафақат Америка, балки бутун дунё фойдаланмоқда. Американинг қайси кутубхонасига борманг, аждодларимиз тўғрисида маълумотлар топасиз, улар ёзиб қолдирган қўлланмаларни ҳар хил тилларда кўрасиз.

Чикаго университетининг қадимий кутубхонаси

Биз қачон, қайси пайт билим олишдан, ривожланишдан тўхтадик, буни айтишга менинг билимим етмайди, лекин шунга ишонаманки, халқимизни тўғри йўналтирсак, билим берсак, катта потенциалимиз бор. Бизда ҳам яширин истеъдодлар талайгина, уларга имкониятлар берилиши керак, ривожланиши учун шароит қилиниши керак деб ўйлайман.

Шундагина Ўзбекистон нафақат ўз ҳуқуқий тизимини, балки бошқа тизимларни ҳам ривожлантиришда тўғри йўлда бўлади, деб ҳисоблайман.

– АҚШ сафарида бўлганимда ногиронлар ҳаракатланиши учун ҳар бир жамоат транспортида шарт-шароит борлигига гувоҳ бўлгандим. АҚШда ногиронларга берилган преференциялар кандай?

– Авваламбор, АҚШ ва Ўзбекистонда ногиронлар учун яратилган шароит ва тартиб умуман солиштириб бўлмайдиган даражада, чунки бу борада Америка жуда олдинлаб кетган.

Америкада имконияти чекланмаган инсонлар қандай яшаса, имконияти чекланган, яъни ногиронлар ҳам ҳудди шундай, ҳеч қандай чекловларсиз бир хил шароитда яшай олишади.

Ўзбекистонда ногиронлар учун шарт-шароитлар яратиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳда ишлаганимда, биринчи марта Америка тажрибасини ўргангандим. Ўшанда ногиронлар учун барча соҳадаги масалаларни ўз ичига олган ягона ҳужжат – American Disabilities Act`ни ўрганиб ҳайратланганман.

Бу амалиётда қандай ишлашини кўриш имкониятига ҳам эга бўлдим. Шунинг гувоҳи бўлдимки, ҳеч бир овқатланиш жойлари, жамоат жойлари, транспортлар, машина турар жойлари, спорт комплекслар,  мактаб, университетларнинг аудиториялари, хуллас ҳеч бир бино ёки жамоат жойи йўқки, ҳар турдаги имконияти чекланган инсонлар фойдаланишига ноқулайлик туғдирадиган шароит яратилмаган ёки улар қўшимча ёрдамсиз ҳаракатлана олмайдиган бўлса.

Кўчаларда юриб шунга амин бўласизки, Америкадаги имконияти чекланган одамлар жамиятнинг ҳар бир соҳасида имконияти чекланмаган инсонлар билан баробар актив ҳаёт тарзи олиб боради.

Чикаго шаҳри Админстрация раҳбари, Иллинойс штати сенатори Алма Аная билан

– Қонунчиликда ногиронлиги бор шахсларни ҳимоя қилишни янги даражага кўтариш катта маблағлар талаб қилади. Давлат, жамият, тадбиркорлар синфи бунга молиявий жиҳатдан тайёрмикин?

Менимча, биз молиявий жиҳатдан тайёрликни кутсак, ҳеч ким ҳеч қачон биз тайёрмиз, деб ташаббус билан чиқишига ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Бу масалани ҳал қилишда молиявий жиҳатдан кўра, кўпроқ маънавий жиҳатдан тайёр бўлишимиз зарурроқ, деб ҳисоблайман.

Мисол тариқасида, оддий бир тадбиркорнинг ошхонасини олсангиз ҳам, у учун битта пандус қуриб ёки битта столини ногиронлиги бор шахс учун мўлжаллаб, ажратиб қўйиши ундан катта харажат талаб қилмайди. Лекин афсус, аксарият тадбиркорларимиз ҳатто шуни ўйлаб ҳам кўрмаган.

Албатта, мен бунда фақат тадбиркорлар синфини айбламаган бўлардим, бунда жамият ва давлатнинг ҳам ўрни катта. Агар Америка мисолида оладиган бўлсак, бу ерда ногиронлиги бор шахс қайсидир умумий овқатланиш жойига эркин ҳаракатланиб киролмаса, машина турар жойида ўзига мослашган жойга машинасини қўя олмаса ёки кафеда ўзига мўлжалланган стол бўлмаса, у кафега жуда катта жарима солинади ва ногиронлиги бор шахс бемалол ўша овқатланиш жойини судга бериб, маънавий зарар кўргани ва унга нисбатан дискриминация қилинганини важ қилиб, катта миқдорда пул ундира олади.

Бундай ишлар бўйича солинадиган жарима миқдори шундай катта бўлар эканки, ҳаттоки, ўша кафенинг йиллик даромадининг 70-80 фоизигачани ташкил қилган ишлар ҳам кузатилган.

– Ногиронлиги бор шахсларга қулайликлар яратиш учун қурилиш, таълим, транспорт йўналишларида қилиниши лозим ишлар кўп. Бу бўйича қандай тавсияларингиз бор?

Университетимиз яқинда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош офиси фаолиятини ўрганиш учун сафар уюштирди. У ерда бир қанча конференцияларда қатнашдик ва БМТ тарафдан чиқарилган конвенцияларни ўрганганимда, БМТнинг Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ҳалигача ратификация қилмаган давлатлар саноқлигина қолгани эътиборимни тортди. Булар қаторида Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳам бор.

Аксарият мамлакатлар ва ҳатто қўшни давлатларимиз ҳам аллақачон ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, бу соҳада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб бўлган.

Бу, албатта, жуда ачинарли ҳол. Энг биринчи тавсиям – шу конвенцияни қўллашдан бошлаш керак, деб ўйлайман. Унда барча йўналишларда қилиниши керак бўлган ишлар батафсил ёритилган.

Албатта, бизда ҳали бу ишларни олиб бориш учун етарлича тажриба ёки бу ишларни амалга ошириш учун малакали мутахассис йўқ, шунинг учун халқаро ташкилотлар билан бу масалада чамбарчас алоқа ўрнатмасдан туриб, бу соҳадаги ишларни амалга ошириш ва бирор бир самарали натижага эришиш қийин, деб ўйлайман.

– Аёл кишига зарур бўлган 5та энг муҳим хислат нима деб ҳисоблайсиз?

– Аёл киши учун энг асосий хислат бу – фидойилик. Яъни турмуш ўртоғига, оиласига бўлган фидойилиги. Аёлнинг аёл бўлиб дунёга келишидан мақсади – у она бўлиши ва келажак авлодларга муносиб тарбия беришида, инсониятга фойдаси тегадиган шахс қилиб шакллантиришида деб биламан.

Бунинг учун, албатта, онанинг ўзи шахс сифатда шаклланиши керак. Келажаги буюк давлат хоҳласак, аёлларга муносиб билим беришимиз керак. Бизнинг жамиятда бу нарса эркакларимизга чамбарчас боғлиқ. Юқорида айтиб ўтганимдек, юксалишга фақат билим ва чуқур изланиш орқали эришилади.

Менинг мисолимда, отам ҳам, турмуш ўртоғим ҳам билим олишни, билим олганларни қаттиқ қўллаб-қувватлайдиганлардан. Билим олишга қизиқтирган, базасини қуриб берган инсон отам бўлса, турмуш қурганимдан кейин уни ривожлантиришга имконият яратиб берган турмуш ўртоғим бўлади. Уларнинг иккисининг қўллаб-қувватлаши бўлмаганда, мен ҳаётимда ҳеч нарсага эриша олмаган бўлардим. Чунки оила биз ўзбек аёллар учун сўзсиз ҳар доим биринчи ўринда бўлиб келган. Шунинг учун ушбу оиласига бўлган фидойиликни шакллантира олган аёл бошқа керакли хислатларни ҳам шакллантира олади, деб ўйлайман.

–  Америкага кўчганингизда, биринчи юзага келган қийинчиликлар?

– Авваламбор, Америкага кўчиш қарорига келишнинг ўзи энг катта қийинчилик бўлган. Мен кўпчиликка ўхшаб чет элда яшашни ёки карьера қилишни орзу қилмаганман. Аммо турмуш ўртоғимнинг ҳаётдаги режалари ва мақсадлари катта ва мен ҳам шу мақсадларга интилишим кераклигини тушундим.

Чет элда сафарларда кўп бўлганим учун, ҳар доим она юртимдан узоқда яшашни ва чет элдаги ҳаётга, одамлар яшаш тарзига кўп аҳамият берардим, шунинг учундир балки, мен Америкадан нима кутишни билиб борганман. Қандай қийинчиликлар бўлиши мумкинлигини олдиндан ўзимга қабул қилиб борганман.

Асосийси, қийинчиликдан қочмаслик керак, чунки мақсад қанча юксак бўлса, унга босиладиган йўл ҳам шунча мураккаб бўларкан. Дунёга ўзгартириш олиб кирган инсонлар борки, ҳаётини ўргансангиз, албатта, ўта қийин, мураккаб пайтларни бошидан кечирганининг гувоҳи бўласиз ва уни бундай буюк инсон бўлиб етишишига айнан ўша қийинчиликдан ўтгани катта сабаб, дарс бўлади. Мен шундай инсонларнинг ҳаётига ёшлигимдан қизиқиб келардим ва балки шунинг учун ҳам мен ҳеч қачон қийинчиликдан чўчимаганман.

Ҳаётимда бу йўлни танлама, бу йўлдан кетсанг, аниқ қийналасан, деб айтилган йўл мени ҳар доим аниқ мақсадимга, орзуйимга олиб келган.

Келажак режаларингиз қандай? Ўзингизни 5 йилдан сўнг қаерда ва қандай лавозимда кўрасиз?

– Албатта катта мақсадларимиз, ўйлаган режаларимиз олдимизда турибди ҳали. Аллоҳ пешонамга уларни амалга оширишни ёзган бўлса, қисқа муддатларда, албатта, уларга эришиш йўлидаман. Ҳали уларни тўлиқ амалга оширмасдан туриб, улар тўғрисида гапиришим ноўрин, деб ўйлайман. Шунинг учун, иншаллоҳ, улар амалга ошганида, сиз мени яна шундай суҳбатга чорлаб қоласиз, деб яҳши ният қилиб қоламан.

Блиц савол-жавоб

– Касбингиз?
– Юрист
– Ҳаётдаги шиорингиз?
– Интилганга толе ёр.
– Ҳозиргача нечта давлатда бўлгансиз?
– 9та (Германия, Италия, Швейцария, Франция, Туркия, АҚШ ва МДҲ давлатлари)
Нечта тилда сўзлаша оласиз?
– Ўзбек, рус ва инглиз тиллари
– АКШда яшаш сизга нимани ўргатди?
Инсон доимо ўз кучига ишониши кераклигини ўргатади
– Ҳоббингиз?
Фарзандим билан китоб ўқиб, муҳокама қилиш.
– Машина ҳайдайсизми?
– 18 ёшимдан бери ҳайдайман.
– Ўқиш учун 5та китоб тавсия қила оласизми?
«Ҳадис ва ҳаёт» (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф), «Уруш ва тинчлик» (Лев Толстой), «Американинг яратилиши» (The Making of Amerika, Robert D.Johnston), «Танланган асарлар» (Лев Толстой), «Шамол ортидан югуриб» (Холид Ҳусайний).

Феруза Авазова суҳбатлашди.

Нигорахон Содиқова – 2010 йил Тошкентдаги Вестминстер университетининг «Халкаро тижорат ҳуқуқи» факультетини тамомлаган. Ўқишнинг охирги йилида DAAD гранти асосида Германиянинг бир қанча юридик университетларида алмашув гранти асосида («exchange student») таҳсил олган. 2010 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Савдо-Саноат палатасида юридик экспертиза ва тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлимида юрист бўлиб ишлаган. 2017-2018 йилларда Қонунчилик ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш бошқармаси (СОВАЗ)да бош юрист лавозимида фаолият олиб борган.

2019 йилда Американинг 7та топ университетлари (Колумбия, Чикаго, Жоржтаун, Мичиган, Тафтс, Ҳарвард ва Америка университети)га ҳужжатлар топшириб, барчасига қабул қилинади ва бир нечтасидан грант ҳам олади.

Нигора – «Rockfeller Business Adminstration» ташкилоти аъзоси. У АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтоннинг фахрий унвони «Clinton Global Initiative» билан мукофотланган.

Top