Қўшма Штатлар олийгоҳларида Фаластин халқини қўллаб ўтказилаётган намойишлар АҚШ демократиясини синовдан ўтказаётгандек. Намойиш ва норозилик акциялари билан боғлиқ энг катта қарама-қаршиликлар қандай ва уларнинг асосий талабларини сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқ билан таҳлил қилдик.

— Олийгоҳ намойишлари билан боғлиқ энг катта қарама-қаршиликлар қандай ва уларнинг асосий талаблари нима?

Камолиддин Раббимов: — АҚШнинг тахминан 25 дан зиёд олий таълим муассасаларида намойишлар бўляпти, маълумотларга кўра, мингдан ортиқ талабалар ҳибсга олинган, турли айбловлар қўйиляпти. Бир ҳафтача олдин талабалар қамоққа олиниши натижасида қолгани бефарқ талабалар ҳам қўшилган. АҚШ ОТМ таъсирига кўра, уларнинг иерархияси бор. Асосан илғор, салоҳияти юқори университетларда шундай намойишлар бўляпти. Талабалар дарсга кирмасдан, университет ҳовлисида узлуксиз намойишлар ўтказяпти. Мана шу намойишчиларни тўхтатиш учун Миллий гвардия, полиция жалб қилинган ҳолатлар мавжуд.

Талабалар бир қанча. Биринчи асосий талаб: Ғазодаги Исроилнинг ҳарбий операцияси шу заҳоти тўхтатилиши керак. Иккинчиси — АҚШдаги олий таълим муассасаларининг Исроил олий таълим муассасалари билан алоқалари тўхтатилиши керак. Учинчиси — АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича сиёсати қайта кўриб чиқилиши керак. ОТМда дарс берувчи олимлар, талабалар Фаластин тарафида. Тарихан АҚШда ОТМ нисбатан сўл бўлган, яъни тенглик, тинчлик тарафдори бўлган. 20-аср ўрталарида яшаб ижод қилган италиялик марксист, социолист Антонио Грамши ўз илмий ишларида бир ғояни олға суради: АҚШ дунё ҳамжамияти куч таъсири катта бўлар экан, АҚШ марксизм, социализмга қарши бўлар экан, асосий эътиборни АҚШдаги ОТМга қаратиш керак ва у ердаги олим ва талабаларга сўл ғояларни сингдириш керак, деган ғоя. Грамши неосоциолист бўлган, яъни демократияни, эркинликни инкор этмаган ҳолда юмшоқ воситалар орқали АҚШ ва дунё ҳамжамиятида тенгликни таъминлашга эътибор берган. Бугунги АҚШ ОТМдаги намойишчилар АҚШ ижтимоий ва сиёсий кайфиятига жиддий таъсир қиляпти.

Ҳамид Содиқ: — АҚШда талабаларнинг бундай чиқиши янгилик эмас, АҚШ олиб бораётган турли ҳарбий ҳаракатларда талабалар фикр билдириб келади. Бундай юқори даражада бўлиши охирги марта Ветнам уруши даврида юз берган. АҚШ демократияси бундай чиқишларга тайёр. Ҳокимиятнинг репрессив муносабат билдирмаётганига сабаб, бундай жараёнлар демократияни синовдан ўтказиб, кучли қилади. Шунинг учун бу жараённи кузатиш, муҳим жараён эканини англаш тенденциясини кўряпмиз АҚШ томонидан. АҚШ бу намойишчиларни тўхтатиб ташлаш имкониятига эга, аслида.