15:52 / 15.04.2020
41632

Лоқайдлик туфайли коронавирусга чалинганларни кечикиб аниқлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда – Бош прокуратура

Тошкент шаҳридаги 51-сонли Оилавий поликлиникага ва 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилган беморда коронавирусдан зарарланиш аломатлари борлигига қарамай, ундан тест олинмаган ва у уйига қайтариб юборилган. Натижада, бемордаги касаллик жуда кеч аниқланган, ўтган вақт ичида ундан бошқаларга вирус юққан.

Фото: Zuma/ТАСС

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев тизим томонидан карантин кунларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

«Шифокорларимиз тун-у кун олиб борилган саъй-ҳаракатлари туфайли шу кунга қадар 99 нафар бемор шифо топди. Лекин афсуски айрим шифокорларимизда ҳам лоқайдлик ва бепарволикка берилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро Кильдиеванинг 19 март кунидан 4 апрель кунига қадар, яъни 16 кун мобайнида тана ҳарорати юқори бўлган, у ўзида ҳолсизлик сезгани боис 4 марта Юнусобод туманидаги 51-сонли Оилавий поликлиникага ва 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилган. Шифокорлар унга тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиб, уйига кетишига рухсат беришган.

Кильдиеванинг соғлиғи оғирлашиб, бешинчи марта шифохонага мурожаат қилганидан сўнггина ундан вирусологик текширув учун намуна олинган. Текширув натижасида унда коронавирус аниқланиб, у ва у билан мулоқотда бўлган 30дан ортиқ фуқаро карантинга олинди.

Минг афсуски, ҳозирда у билан мулоқотда бўлган ҳамшира ва бошқаларда ҳам коронавирус аниқланмоқда», дея Бердиалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Брифингда Ўзбекистонда карантин қоидаларини бузиш бўйича статистик маълумотлар келтирилган.

«Карантин ҳолатида фуқароларимизга бир қанча чекловлар белгиланган бўлиб, уларга қатъий риоя қилиниши барчамиз учун жуда муҳим. Афсуски, ҳали ҳам ўрнатилган тартибга риоя қилмайдиган, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти учун беписанд бўлган фуқароларимиз  жуда  кўп  учрамоқда.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 40 минг 360таси тиббий ниқоб тақмасдан юриш, 395таси карантин ҳудудини ташлаб кетиш, 201таси вақтинчалик тўхтатилган савдо фаолиятини давом эттириш, 24таси маросим ёки йиғинлар ўтказиш, 10таси ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш ва 1792таси бошқа  ҳуқуқбузарликлар ҳисобланади.

Ҳуқуқбузарликларнинг 6785таси Тошкент шаҳрида, 4465таси Самарқанд вилоятида, 5341таси Тошкент вилоятида, 5430таси Фарғона вилоятида содир этилган.

Кекса ёшдаги фуқароларимизнинг уйда қолишлари ва ташқарига чиқмасликлари талаб қилинаётган бир пайтда улар ёшларга ижобий томондан ўрнак бўлиш ўрнига, 3261 нафар кекса ёшдаги фуқаро томонидан ҳам карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилди. Ушбу шахсларнинг 1 нафари карантин вақтида тўй ўтказиш, 4 нафари автомашинада ҳаракатланишга рухсат берувчи стикерни сохталаштириш, 3 нафари карантин зоналаридан қочиб кетиш, 2 нафари карантин қоидаларини бузган шахслар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига фаол қаршилик кўрсатиш, 3 нафари ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш ва 3 нафари бошқа ҳолатлардаги  жиноятларни  содир  этишган», деган прокуратура вакили. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top