9 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг Юнусобод туманига ташрифи чоғида туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев ҳудудда жойлашган Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей негизида қайтадан мактаб ташкил этишни таклиф қилганди. У 2007 йилда 960 ўринли мактаб биноси академик лицейга берилгани, аммо шунга қарамай, у атиги 30 фоиз қувват билан ишлаётганини таъкидлаганди.
Тошкент кимё-технология институти бунга раддия билдирди. Институт матбуот котиби Эгамназар Абулбоқиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, туман ҳокимининг бу академик лицейга ташриф буюргани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас, ҳозирда таълим муассасасининг биноси тўлиқ қувватда ишлаб келмоқда.
Қайд этилишича, Юнусобод тумани 3-мавзе 7-уй манзилида жойлашган Тошкент кимё-технология институтининг академик лицейи умумтаълим мактаблари нормативларига мувофиқ 1974 йилда барпо этилган. Унинг ҳар бир синф хонасида ўртача 35 нафар ўқувчи жойлашиши ҳисобга олинган ҳолда 960 ўринли мактаб сифатида ташкил этилган.
Мазкур бинонинг бир қисми (ўртадан тўсилган ва бошқа томондан дарвоза очилган ҳолда) Юнусобод тумани 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига берилган.
“Академик лицей учун белгиланган нормативларга кўра, ҳар бир ўқув хонасида ўртача 26 нафар ўқувчи жойлашиши ҳисобига бинонинг академик лицей фаолият кўрсатаётган қисми бугунги кунда 400 ўринни ташкил этади. [Шунинг учун бинода] айни вақтда 268 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бундан ташқари, республика ҳудудларидан келган ўқувчилар учун 120 ўринли ётоқ жойи ҳам ташкил этилган ва ҳозирги вақтда мавжуд биноларнинг қувватидан тўлиқ фойдаланиб келинмоқда”, – дейилади изоҳда.
Таъкидланишича, ҳоким Баҳодир Абдувалиев айтиб ўтган лицейнинг “ўлик ва фойдаланилмаётган ҳовуз” ҳудудида Тошкент кимё-технология институти талабалари учун ётоқхона қуриш белгиланган. Бу ташаббус 2023 йилда Тошкент шаҳар ҳокими ҳузурида муҳокама қилинган ва шаҳар ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланган.
“Бу ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 июлдаги тегишли қарорига мувофиқ доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонлари рўйхатига киритилган ҳамда мазкур ер участкаси ҳудудида Тошкент кимё-технология институти учун талабалар турар жойини қуриш белгиланган.

















