12:18 / 16.04.2020
11652

Репортаж: Андижон вилоятида кунига 500га яқин оилага ҳомийлик ёрдамлари етказилмоқда

Республика махсус комиссиясининг 30 мартдаги қарори билан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель кунги видеоселекторда вилоятлар марказларида ҳам ана шундай марказларни ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Андижон вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига, 15 апрель ҳолатига кўра, 6 мингга яқин мурожаат тушган.

Ёшлар иттифоқининг кўнгилли ёшлари иш олиб бораётган колл-марказ кунига 600-800дан зиёд мурожаатларни қабул қилиб оляпти.

«Колл-марказ эрталаб соат 9дан, кеч соат 6гача ишлаяпти, – дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси, колл-марказ етакчиси Ойбек Юлдашев. – Аҳоли вакилларидан 1197 қисқа рақами орқали қабул қилинаётган мурожаатлар мазмуни асосан озиқ-овқат, дори-дармон ва кунлик эҳтиёжга керакли маҳсулотлар бўйича бўляпти.

Кунлик мурожаатлар сони 500-800тани ташкил этмоқда. Бу мурожаатларни кун якунида жадвал асосида омборга тақдим этамиз. Омборда ҳар бир маҳсулот белгиланган тартиб асосида жамланиб, туман бўлинмаларига жўнатилади.

Аҳоли вакилларининг эътирозига келсак, 1197 рақами банд бўлишининг асосий сабаби – фуқаролар билан гаплашаётган вақтда савол-жавоблар чўзилиб кетаётганида. Бу оралиқда қўнғироқ қилган фуқаро 3-5 мартадан «кутиш» режимига тўғри келяпти.

Гувоҳи бўлганингиздек, фуқароларимиз савол-жавоби қанча чўзилса, шунча кўп кутиб қолиш ҳолатлари пайдо бўлмоқда. Баъзи фуқаролар манзилини тўғри тушунтира олмаса, кўп мурожаатчилар камчиликни тушунтиргач, мулоқот сўнгида исми-фамилиясини айтгиси келмай қолади».

Ҳомийлардан келиб тушган озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, тақсимлаш ва жойларга жўнатиш ишлари махсус омборда олиб борилмоқда. Махсус кийимдаги кўнгилли ёшлар эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилиши кўзда тутилган аҳоли эҳтиёжи учун зарур бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, гуруч, картошка, ёғ, пиёз, макарон, шакар)ни бир хил меъёрда турли идишларга тақсимлаш билан банд.

«Кун давомида ҳомийлар томонидан олиб келинган маҳсулотларни пакетларга солиб қадоқлаяпмиз. Кеча 250 кг шакарни қадоқладик. Оғир кунларда халқимизга фойдамиз тегаётганидан хурсандмиз», дейди кўнгиллилардан ака-ука Ҳасан ва Ҳусан Мамадалиевлар.

Биргина Андижон шаҳридан мурожаатлар сони шу кунгача 1850тани ташкил этган бўлса, шундан мингта хонадон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.

Вилоят миқёсида эса кунига 500га яқин хонадонга ҳомийлик ёрдамлари етказиб берилмоқда.

«Айни пайтда GRANDPHARM компанияси томонидан Андижон вилоятидаги 1000та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари етказиб бериляпти. Бундан ташқари, «Уз-Карам Ко» корхонаси 26 миллион сўм миқдорида 3 тоннадан ортиқ гуручни ҳомийлик хайрия омборига олиб келишди. Бу маҳсулотларни ҳам туманлардаги колл-марказ орқали мурожаат қилган хонадонларга ва муҳтож оилаларга етказиб беришда давом этяпмиз», – дейди Андижон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Моҳинур Қосимова.

У вилоят бўйича ташкил этилган тизим ҳақида ҳам тўхталди.

«Омборга ҳомийлар томонидан келтирилган 11 турдаги маҳсулотлар меъёр бўйича қадоқланиб, келиб тушган мурожаатлар бўйича шаҳар ва туманлардаги омборларга жўнатилади. Мутасаддилар бу маҳсулотларни эҳтиёжманд оилаларга етказиб беради», – деди Моҳинур Қосимова.

Марказда икки кун давомида GRANDPHARM фармацевтика корхонаси ўзининг «Минг оилага хайрия» ҳомийлик хайрия акциясини ташкил қилган. Корхона марказ орқали минг оилага 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ниқоблар ва 250 минг сўмдан пул тарқатмоқда.   

«Халқимизни карантин даврида қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёжманд оилаларга маҳсулотлар етказиб бериш учун GRANDPHARM корхонаси хайрия ташкил қилди. Андижон вилояти учун 1000та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон учун маблағ ажратдик. Бу хайрия акциясини Тошкент вилоятидан бошлаган эдик. Айни пайтда Андижонда давом этяпти», – дейди «GRAND PHARM TRADE» МЧЖ водий ҳудудий раҳбари Қаҳрамонжон Отахонов.

Унинг сўзларига кўра, компания хайрия акциясини 16 апрелдан Наманган вилоятида давом эттиради, учта вилоятда мингтадан 3 мингта оилага ҳомийлик ёрдами кўрсатилади.

«Айни пайтда Андижондаги ҳомийлик маҳсулотларини қадоқлаш ишлари якунланди. Кечадан тарқатишни бошладик. Тўпламда 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бор, уларнинг ҳар бири 5 кг.дан қилиб қадоқланган.

Бундан ташқари, ҳар бир хонадон учун тиббиёт ниқоблари ва дори-дармон учун 250 минг сўм миқдорида пул маблағлари ҳам ажратдик», – дейди «GRAND PHARM TRADE» МЧЖ вакили.

Марказда тарқатиш учун тайёр ҳолга келган маҳсулотлар LABO автомашиналарида туман ва шаҳарларга йўл олмоқда.

Биз Андижон шаҳридаги оилаларга хайрия маҳсулотларини тарқатиш жараёнида қатнашдик. Шундан сўнг вилоятнинг Олтинкўл тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида ҳам бўлдик. Батафсил юқоридаги видеорепортаж томоша қилишингиз мумкин.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top