15:18 / 17.04.2020
9303

Тошкентда йўловчиларни автомобилда ташиш фаолияти учун лицензия варақалари бериш 5 майгача тўхтатилди

Айни кунда Тошкент шаҳрида йўловчиларни енгил автомобилларда ташиш фаолияти учун лицензияланган автомобиллар сони 11 792тага етди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 15 апрелидан 5 майига қадар Тошкент шаҳрида йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш фаолияти учун лицензия варақалари бериш вақтинча тўхтатилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бу Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, йўловчиларни енгил автомобилларда ташиш фаолияти учун карантин муддатига чеклов эълон қилинганлигини инобатга олиб амалга оширилди. 

Махсус комиссия қарорига асосан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида юқоридаги лицензия варақаларига эга бўлган автотранспорт воситалари фақатгина йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати (курьер, доставка, кейтеринг) билан шуғулланиши белгиланди. Улар томонидан фақатгина озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм воситалари, шунингдек биринчи навбатда зарур маҳсулотлар ташилади. Бундан ташқари ҳолатларда яъни, йўловчи ташиш ёки фуқаролар билан боғлиқ бошқа фаолиятлар билан шуғулланган тақдирда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади. 

Таъкидланишича, айни кунда Тошкент шаҳрида йўловчиларни енгил автомобилларда ташиш фаолияти учун лицензияланган автомобиллар сони 11 792тага етди. 

“Ҳурматли тадбиркорлар, ўзимиз ва атрофимиздагиларнинг соғлигини сақлаш учун белгиланган тартиб қоидалар ҳамда чекловларга қатъий амал қилайлик”, - дейилади хабарда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top