19:31 / 19.04.2020
34578

«Жарималар кўпайиб кетди». Бакиров ва Хидиров ижтимоий масалаларга муносабат билдирди 

Блогер Отабек Бакиров карантин даврида жарималар ҳаддан зиёд кўпайиб кетганига муносабат билдирди. Унинг фикрича, масалан, томорқадан мақсадли фойдаланмагани учун маъмурий жавобгарлик масаласи кўтариляпти. 

16 апрель куни Kun.uz'га интервью берган таниқли блогерлар Қобил Хидиров (davletovuz) ва Отабек Бакиров (bakiroo) пандемия ҳамда иқтисодий инқироз даврида юз бераётган ўзгаришлар шахсий мулоҳаза, танқидларини билдирган. 

 
«Жарималар кўпайиб кетди». Бакиров ва Хидиров ижтимоий масалаларга муносабат билдирди

«Жарималар кўпайиб кетди». Бакиров ва Хидиров ижтимоий масалаларга муносабат билдирди 👉 https://kun.uz/50401072

Posted by Kun.uz on Sunday, April 19, 2020

Бакировнинг қайд этишича, бу даврда тақиқлардан ташқари, жарималар кўпайиб кетган. 

«Охирги пайтда томорқадан мақсадли фойдаланмагани учун, масалан, сабзавот экмагани учун, маъмурий жавобгарлик масаласи кўтариляпти. Одамларга буни қандай тушунтириш керак? Келинглар, жазолаш билан ҳеч нимага эришмаймиз. Одамларга айтиш керакки: «ўртоқлар, йил оғир, қиш оғир келади, томорқангиз бор экан - сизнинг бахтингиз, имкониятингиз».  Эртага ҳеч ким сизга ёрдам бермайди, томорқангиздан чиққан сабзавот, ем ва буғдой сизга ёрдам бўлади, деган маънода тушунтириш қаерда-ю, томорқага ким сабзавот экмаса жаримага соламиз, одамлар дангаса бўлиб кетди, деган гаплар қаерда?» , - дейди у.

Унинг айтишича, халққа халқ тушунадиган тилда гапириш керак, жарима ва диктат тили билан эмас. Шунингдек, одамлар ўз ҳисобини билмай, харажатлар қилишда давом этаётгани таъкидланди. Уларга ҳеч ким карантиндан кейин аҳволимиз бирдан яхшиланмаслиги ҳақида гапирмаган, дея фикр айтди Бакиров. 

Суҳбат давомида ушбу масалага тўхталган блогер Қобил Хидиров жарималар аҳоли даромадига нисбатан жуда кўп эканини танқид қилди.

«Ҳар қандай жазо чорасининг қўллашдан мақсад оқибат тарбия бўлиши керак. Лекин бизда жарималарнинг кўпроқ қўрқувга сабаблиги уларнинг аҳоли даромадига нисбатан отнинг калласидай катталигидир. Бу тарбиялашдан кўра, қўрқув олиб келади. Ҳукумат қўрқитиш йўли билан аҳолини ниқоб тақишга ўргатди. Аслида томорқадан самарали фойдаланмагани учун санкциялар аввалдан бор, шуни яна кучайтириб, жаримани ошириш фойда берадими?», - деди у.

Хидиров жаримани қўллаш механизмини ҳам саволга тутди: томорқадан самарали фойдаланилмаётганини қандай ўрганилади?

«Бундан самара яна бир икки кишини айбдор қилиб, телевидение орқали шарманда қилишми? Шу билан одамларни тарбиялашми? Инсоният шу пайтгача меҳнат тақсимотига амал қилган. Лекин ҳамма товуқ боқишга мажбурми? Катта бахтимиз ҳалигача 60 фоиздан ортиқ аҳоли қишлоқ жойларда яшайди. Ҳа, ҳукуматнинг дили оғрияпти, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида қайғуряпти. Аммо бу тўғрими?», - дея қўшимча қилди у.

Суҳбатни тўлиқ форматда Youtube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top