01:12 / 20.04.2020
8397

Британия бош вазири коронавирус бўйича бир нечта муҳим йиғилишни ўтказиб юборишда айбланди

Британия бош вазири Борис Жонсон мамлакатга эпидемия ҳали келмаган вақтда коронавирус бўйича ўтказилган бир нечта муҳим йиғилишни ўтказиб юборишда айбланди.

Бунга жавобан Британия ҳукумати аъзоси Майкл Гоув Жонсоннинг ёнини олган.

“Бош вазир коронавирус хавфига жавобимиз учун муҳим бўлган учрашувларни ўтказиб юборганини тахмин қилиш кулгилидир”, деб айтган Гоув Sky News телеканалига.

Sunday Times нашрининг хабар беришича, Жонсон Британиядаги эпидемиологик вазият масаласи бўйича 5 та йиғилишни ўтказиб юборган. Нашрнинг таъкидлашича, коронавирус эпидемияси мамлакат учун хавфли экани ҳақида январда пайдо бўлган ва кейинроқ февралда бир неча марта такрорланган огоҳлантиришлар “Брекзит” масаласига “шўнғиб кетган” Жонсон томонидан эшитилмаган ва бой берилган вақт эҳтимол минглаб британияликларнинг ҳаётига зомин бўлган.

“Ҳақиқат шундаки, ҳукумат даражасида турли учрашувлар бўлган. Уларнинг баъзиларида соғлиқни сақлаш вазири, бошқаларида бошқа вазирлар раислик қилган. Бироқ бош вазир энг муҳим қарорларни қабул қилган”, деб айтмоқда Гоув.

Кейинроқ у Жонсон ҳақиқатан ҳам 5та йиғилишда бўлмаганини, бироқ бу ғайритабиий нарса эмаслигини айтган. 

Sunday Times эса Британия ҳукумати январь-март ойларида коронавируснинг мамлакатга таъсирини камайтириш учун имкониятни қўлдан чиқарганини таъкидламоқда. Нашрнинг эслатиб ўтишича, ҳукумат ҳимоя кийимлари ва ниқоблари тақчиллиги ҳамда вирусни аниқловчи тестлар етарлича тезмаслиги учун танқид қилинган.

Жонсоннинг ўзи ҳам март охирида коронавирусга чалиниб, уйда ўзини изоляция қилган. Бироқ у касаллик аломатлари зўрайгач, 6 апрелга ўтар кечаси шифохонага жойлаштирилган. Жонсон коронавирусдан соғайгач, 12 апрелда шифохонадан чиқарилган.

Айни вақтда Британияда коронавирусга чалинганлар сони 120 мингдан ошди, ундан вафот этганлар сони бир кун ичида 596 нафарга кўпайиб, 16 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. 

Top