Жаҳон | 11:58 / 10.06.2023
8146
2 дақиқада ўқилади

Борис Жонсон депутатлик лавозимини тарк этди

Буюк Британия собиқ бош вазири Жамоатлар палатасини тарк этди. У пандемия даврида Даунинг-стритдаги зиёфатларга оид тергов натижаларини олгач, шундай қарорга келди.

Фото: Reuters

Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон 9 июн, жума куни кутилмаганда, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ равишда жорий этилган локдаун пайтида ноқонуний зиёфатлар билан боғлиқ можаро фонида Британия Жамоатлар палатаси аъзолигидан истеъфога чиқди.

Истеъфога чиқиш мактубида Жонсон Жамоатлар палатаси қўмитасидан Британия қонун чиқарувчиларига ковидга қарши чекловларни бузган ҳолда Даунинг-стритда зиёфатлар ўтказгани тўғрисида ёлғон гапирганми ёки йўқми, шу масала текширилгани ҳақида хатни олганидан кейин "ҳайрон бўлгани ва даҳшатга тушганини" айтди. Бу мактубда "мени ҳайратда қолдирган нарса - улар парламентдан чиқариб юбориш учун менга қарши суд жараёнларидан фойдаланишга қарор қилишган", деди у.

Жонсоннинг сўзларига кўра, парламент қўмитасининг ҳали эълон қилинмаган ҳисоботи "ноаниқликларга тўла", аммо "уларнинг бемаъни ва адолатсиз жараёни доирасида" у ҳеч нарсага эътироз билдиришга имкони йўқ. "Улар ҳанузгача мен қасддан ёки бепарволик билан Жамоатлар палатасини чалғитганим ҳақида заррача далил келтиришмади", дея қўшимча қилди у. Март ойида қўмитага берган кўрсатмасида Жонсон парламентни чалғитганини тан олди, аммо буни қасддан қилганини рад этганди.

Ўтган ёзда бош вазирликдан кетганидан сўнг, Жонсон узоқ йиллар давомида жамоат палатасида вакиллик қилган Лондон сайлов округларидан бирининг депутати бўлиб қолди. “Бугун мен Аксбриж ва Жанубий Райслипдаги ассоциацияга зудлик билан истеъфога чиқишимни ва қўшимча сайлов ўтказишни бошлашимни маълум қилиш учун хат ёздим”, деди сиёсатчи ўз баёнотида.

Мавзуга оид