08:09 / 22.04.2020
33655

«Барчаси тугагач, дунё нормал аҳволга қайтмайди»: Дуров изоляция режимидан фойда чиқаришга чақирди

Telegram компанияси ҳеч қачон мансабдорлар билан ҳамкорлик қилмаган, лекин коронавирус пандемияси туфайли истиснога йўл қўяди, деб баёнот берган Павел Дуров

Павел Дуров. Фото: Forbes

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган ўзини изоляциялаш чоралари инсонларга вақтларини «ўзининг энг яхши версияси»ни яратиш учун сарфлаш имконияти беради, деб ёзган ўзининг Telegram каналида миллиардер, «ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ҳамда Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров. Унинг қайд этишича, илғор технологияларга вирус «инсониятга ўз қадр-қийматини исботлаш» имкониятини тақдим этади.

«Ҳозирги пандемия — одамзод учун таҳдид. У тугагач, дунё нормал ҳолатга қайтмайди. Эҳтимол, биз бутун авлодларни қамраб олувчи цивилизацион силжиш гувоҳи бўлармиз. Энди туғилай деб турган янги дунё ортда қоладиган эскисидан яхшироқ бўлиши бизнинг қўлимизда», — деб ёзган Telegram асосчиси.

Бу ой мессенжер 17 давлатнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан юритилаётган 17 та расмий каналларини илгари суриш билан шуғулланди, деб ёзади Дуров. Унинг тан олишича, Telegram’ни мансабдорлар билан ҳамкорлик қилувчи компания деб аташ қийин, лекин бу ҳолатда истиснога йўл қўйишга қарор қилинган.

Таҳлилчилар коронавирус пандемияси вақтида Telegram мессенжерининг машҳурлиги ортганини қайд қилишган.

Пайдо бўлган вазиятда Telegram «олға интилишнинг янги йўлларини излаш» учун қўлидан келган барча ишларни қилиши керак, дея таъкидлаган Дуров. «Шу сабабли информацион қўллаб-қувватлаш билан биргаликда биз чеклов чоралари шароитида таълим муаммоларини ечишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз», — деган у.

У шунингдек, касалликка қарши курашишга йўналтирилган бир неча бошқа лойиҳаларни ҳам эълон қилган. Дуров «яқин бир неча кун ичида» кўпроқ ахборот берилишини ваъда қилган.

 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top