Жаҳон | 12:21 / 14.08.2023
12246
3 дақиқада ўқилади

Дуров Telegram ўн йиллиги муносабати билан барча учун stories жорий этишга ваъда берди

Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер ўн йиллиги муносабати билан нафақат премиум обуначилар, балки барча фойдаланувчилар учун stories босқичма-босқич жорий этилишини маълум қилди. Миллиардернинг сўзларига кўра, бу Telegram учун янги босқичнинг бошланиши бўлади, чунки у хабарлар алмашинуви доирасидан ташқарига чиқади ва умуман ижтимоий тармоқлар инновациясига етакчилик қилади. 

Фото: Telegram

Telegram мессенжери фойдаланувчилари бир ой олдин фақат премиум обуна учун пул тўлаганларга жорий қилинган stories форматидан чекловларсиз фойдаланиши мумкин бўлади. Telegram асосчиси Павел Дуров ўз аккаунтида мессенжер ўн йиллиги куни, 14 августда фойдаланувчиларга мурожаат қилиб, «барча учун stories босқичма-босқич жорий этилиши»ни билдирди.

Унинг сўзларига кўра, «барча фойдаланувчилар учун stories’ни босқичма-босқич жорий этиш» Telegram тарихидаги янги босқичнинг бошланишини кўрсатади – бунда у «хабар алмашишдан доирасидан чиқиб, умуман ижтимоий тармоқларда инновацияларга етакчилик қилиши» керак. «Ўтган ўн йиллик ҳаяжонли ўтган бўлса-да, кейинги 10 йил Telegram ўзининг ҳақиқий салоҳиятини очиб берадиган вақт бўлади», деб ёзади миллиардер. 

Telegram асосчисининг айтишича, мессенжер 10 йил ичида «фақат оғзаки сўз туфайли» 800 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчига эга бўлган. «Йиллар давомида кўплаб янгиланишлар ва яхшиланишлар билан Telegram замонавий хабар алмашиш тажрибаси қандай бўлиши кераклигини қайта белгилаб берди», деб ёзди у. «Биз ўз машҳурлигимиздан миллиардлаб одамларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартириш, сайёрамиздаги одамларни илҳомлантириш ва юксалтириш учун фойдаланишимиз керак», деди Дуров. 

Июн ойи охирида Telegram асосчиси июл ойидан бошлаб барча мессенжер фойдаланувчилари учун stories функцияси ишга туширилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, мессенжер жамоаси дастлаб stories’га қарши эди, чунки улар «аллақачон ҳамма жойда жорий этиб бўлинган». Telegram асосчиси мессенжер жамоаси фойдаланувчиларга қулоқ тутиб, мавжуд форматга ўз янгиликларини киритганини айтди. Stories билан Telegram ҳозиргидан ҳам қизиқарлироқ ва ижтимоийроқ бўлади», деган миллиардер ўша пайтда. 

Дуров бир йил ичида россиялик энг кўп пул йўқотган миллиардерга айланди - унинг бойлиги 3,6 миллиард долларга камайди. Дуров 2022 йилда Россиянинг Forbes рейтингида эгаллаган учинчи ўриндан бу йил 11,5 миллиард доллар бойлиги билан ўнинчи ўринга тушиб кетди. 

Глобал Forbes рўйхатида у 14 август куни 150-ўринни эгаллади. Дуровнинг ўзи Американинг Forbes журналидан уни россиялик миллиардер демасликни сўради. Тадбиркорнинг вакили Дуров Россияни кўп йиллар олдин тарк этгани ва қайтиб келмоқчи эмаслигини айтди. Forbes USA Дуровни БААдан бўлган тадбиркор деб ҳисоблайди: у ушбу мамлакатнинг энг бой тадбиркорлари орасида биринчи ўринни эгаллайди, бундан Forbes Real-Time рейтинги дарак бермоқда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид