15:33 / 24.04.2020
10571

Олий таълим вазирлиги: талабалар учун вазирлик ўқув платформаларидан фойдаланиш бепул бўлди

Барча ОТМнинг масофавий ўқитиш платформалари вазирликнинг dist.edu.uz ягона порталига бирлаштирилди. 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Олий таълим муассасаларининг масофавий таълим платформаларига ўтиш ягона портали орқали амалга оширилади. Бу эса ОТМ ўртасида ресурслардан ҳамкорликда фойдаланиш имконини берди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, ҳозирда ушбу платформага фойдаланувчилар томонидан бўлаётган кунлик мурожаатлар сони 50 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Бу платформанинг реал вақт режимидаги юкламаси ортишига олиб келган.

“Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида платформа жойлаштирилган сервер қурилмаларининг техник имкониятлари кенгайтирилди ва интернет тезлиги икки баробарга оширилди. Айни вақтда платформанинг техник ҳолати бўйича барча муаммолар бартараф этилди. 

Шунингдек, талабаларнинг бир қисми республиканинг чекка ҳудудларида яшашларини ҳисобга олиб, платформадан фойдаланиш жойлардаги симли ва мобиль интернет тезлигига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Талабаларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида барча (GSM стандартидаги) мобиль алоқа операторлари томонидан ушбу платформадан фойдаланишда интернет трафиклари ҳисобланиши вақтинча тўхтатилди. Бу ушбу платформадан фойдаланиш мутлақо бепул эканлигини англатади”, - дейилади вазирлик хабарида.

Top