09:27 / 25.04.2020
5396

АКТ вазирлиги, «Ўзкомназорат» ва «Киберхавфсизлик маркази» 2та янги ахборот тизимини яратиш тўғрисида таклиф берди

Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонасининг “Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестри” ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимларини яратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Қуйидагилар:

“Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестри” ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом;

“Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Шундай тартиб белгиланадики, унга кўра:

“Электрон ҳукуматнинг идоралараро ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларининг Ягона реестри” ахборот тизимига низом жамғармасида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улушига эга давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ахборот тизимлари, ресурслари шунингдек, бошқа дастурий маҳсулотлари киритилади;

давлат органлари ва ташкилотларига Ягона реестрга киритилган идоралараро ахборот тизимларининг функционал вазифаларини такрорлайдиган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва фойдаланиш тақиқланади;

давлат органлари ва ташкилотлари идоралараро электрон ҳамкорликда электрон ҳукуматнинг маълумотномалар, классификаторлар ва ягона идентификаторларидан фойдаланишга мажбурдирлар.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини шакллантириш ва юритишга ваколатли, оператор ҳисобланади.

“UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини техник ишлашини таъминлайди.

Оператор:

2020 йил 1 июлга қадар Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини яратиш бўйича техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни;

2020 йил 1 ноябрга қадар Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва фойдаланишга топширишни таъминлайди.

Белгиланишича, Ягона реестр ва “Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини яратиш ва кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар электрон ҳукуматни ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар доирасида Ахборот-коммуникация технологияларни ривожлантириш Жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари:

а) бир ҳафта муддатда келгусида Ягона реестрни шакллантириш учун ахборот тизимларини хатловдан ўтказишга масъул бўлган мансабдор шахсни белгиланишини;

б) 2020 йил 1 июлга қадар Оператор, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси билан келишган ҳолда қуйидагиларни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди:

“Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизими билан интеграция қилинишини инобатга олган ҳолда ўзларининг ахборот тизимларини такомиллаштириш бўйича ташкилий ва техник чораларни кўриш;

амалдаги ахборот тизимларини хатловдан ўтказиш ва улар ҳақидаги маълумотни доимий янгилаб турилишини инобатга олган ҳолда уларни Ягона реестрга киритиш;

ахборотлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича ахборот объектларини ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини аттестациядан ўтказиш;

“Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри” ахборот тизимини шакллантириш доирасидаги хабар ва маълумотларни доимий долзарблигини.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси:

давлат органлари ва ташкилотларининг барча ахборот тизимларини Ягона реестрга киритилишини мониторинг қилинишини;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан сертификатлаштириш бўйича мониторинг қилинишини таъминлайди.

Қарор ижросини назорат қилиш ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Содиқов, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи А. Хўжаев ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IТ-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибияти зиммасига юкланади.

Top