Иқтисодиёт | 13:30 / 02.01.2024
12201
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон IT соҳасининг бозор ҳажми миллиард долларга яқинлашмоқда

Қозоғистоннинг оммабоп «Инфозакон» электрон нашрида Ўзбекистонда IT-индустриясининг ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон АКТ соҳасини ривожлантириш йўлида ишончли қадамлар ташламоқда.

«Бугунги кунда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида республика олдида улкан вазифалар турибди. IT соҳасининг асосий вазифаси тегишли хизматлар экспорти ҳажмини йилига беш миллиард долларга етказишдир. Шу мақсадларда хорижий компанияларни жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда, махсус давлат дастурлари, шунингдек, IT компаниялар учун имтиёз ва преференциялар йўлга қўйилмоқда», деб таъкидланган материалда.

Нашрда хабар қилинишича, мазкур жабҳада 100 000 дан ортиқ одам ишлайди ва бозор ҳажми миллиард долларга яқинлашмоқда. Йил охирига қадар IT хизматлари экспорти ҳажми 300 миллион долларга етиши кутилмоқда.

«Мамлакат бўйлаб ўн мингдан ортиқ мактаб юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. English speaking nation ва IT-nation лойиҳалари доирасида рақамли таълим экотизими шакллантирилди. Бу эса болаларга мактабдан бошлаб соҳага кириш имконини бермоқда», - деб ёзган «Инфозакон».

Мавзуга оид