22:27 / 25.04.2020
79554

ЙҲХББ вакили қишлоқ хўжалиги ходимларининг автомобилда ҳаракатланиш тартибини тушунтириб берди

Баҳор ойлари қишлоқ хўжалигида иш айни қизиган пайт. Аммо бу йил коронавирус инфекцияси тарқалиши ортидан кўпчилик ўзбек деҳқонлари даласига эркин бориб келолмаяпти. Бу борада таҳририятимиз ҳар куни юзлаб мурожаатларни қабул қилади.

14 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат аъзолари иштирокида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид видеоселектор йиғилишини ўтказган эди. Унда президент томонидан Ички ишлар вазирлигига қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди. Ушбу топшириқдан кейин ҳам жойларда айрим тушунмовчиликлар бўлаётгани қизиқ ҳолат. Биз бу тушунмовчиликларга сабаб излаб Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракат хавфсизлиги Бош бошқармаси ахборот хизмати мутахассиси Азиз Муродов билан боғландик.

— Азиз ака, махсус рухсатнома қишлоқ хўжалиги ходимлари орасида кимга ва қандай ҳолларда берилишига ойдинлик киритсангиз.

— Махсус комиссиянинг 2020 йил 13 апрелдаги 18-сон баёнининг 11 бандига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат асосида Адлия вазирлиги томонидан мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома расмийлаштирилишини истисно тариқасида таъминланиши белгилаб берилган.

— Сиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситалари дея умумий айтяпсиз. Томорқачи ва деҳқонлар, ижарачилар-чи? Айнан улар бизга энг кўп мурожаат йўллашмоқда.

— Тўғри айтяпсиз, ҳозир қишлоқ хўжалигида айни иш қизиган пайт. Махсус комиссиянинг 2020 йил 13 апрелдаги 18-сон баёнининг 12-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланаётганлар ҳудудий ҳокимиятларга мурожаат қилишлари керак бўлади. Бунда ҳокимиятлар истисно тариқасида қисқа муддатли рўйхат шакллантириб, ҳудудлардаги тезкор штабга юборади ва тезкор штаб томонидан «Яшил йўлак» дастури яратилган. Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ЙПХ масканлари, блок ва тўсиқ постларда хизмат олиб бораётган ИИО ходимларининг уяли телефонларида ушбу «Яшил йўлак» дастури мавжуд бўлиб ходимлар ЙПХ масканлари, блок ва тўсиқ постларга келган транспорт воситаларини дастур орқали текшириб кўради ва дастурда ҳокимиятлар томонидан берилган рўйхатдаги транспорт воситалари мавжуд бўлса масканлардан тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаб берилади.

 ЙПХ масканлари, блок ва тўсиқ постлардан тўсиқсиз ҳаракатланишда муаммолар вужудга келган тақдирда тезкор штаб томонидан тузилган call центрнинг телефон рақамларига қўнғироқ қилиш лозим. Ушбу телефон рақамлари yhxbb.uz расмий сайти ва YHXBB_UZ телеграмм тармоқларида жойлаштирилган.

— Масалан, самарқандлик фуқаро Қашқадарёда эккан экинига ишлов бериши учун бемалол ўтиб қайтиши мумкин шундайми?

— Жуда тўғри савол. Бундай ҳолларда ҳам ҳудудий ҳокимликларга мурожаат қилиш керак. Ҳокимликлар эса юқоридаги каби рўйхатга уни киритиб, йўлдаги тезкор штабни огоҳлантириб қўяди. Деҳқонлар эса «Яшил йўлак» дастури орқали бемалол ўтиб қайтаверишади. Бунда фуқарога бориб келиши учун йўналишлар ҳам белгилаб берилади.

Top