15:04 / 29.04.2020
12114

«Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластерлари муносабатларини жорий этиш ва ушбу тизимни асоси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги кооперативлари, уларнинг бирлашмалари ва агросаноат кластерларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Кооператив ва агросаноат кластери қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади ва фаолият юритади:

аъзоликнинг ихтиёрийлиги;

ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолиятида иштирок этаётган аъзолар учун ўзаро ёрдам ва иқтисодий манфаатнинг таъминланганлиги;

фойда ва зарарнинг аъзоларнинг шахсий меҳнати билан иштироки ёки хўжалик фаолиятдаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда улар ўртасида тақсимланиши;

хўжалик фаолиятда унинг аъзоси бўлмаган шахслар иштирокини чеклаш;

аъзоларни қўшимча пай бадали ва уюшган аъзоларни пай бадали бўйича тўланадиган дивидендлар миқдорини чеклаш;

фаолиятнинг ошкоралик асосида бошқарилиши, ҳар бир аъзо, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар, бир овозга эга бўлиши;

фаолият тўғрисидаги ахборотларнинг, унинг барча аъзолари учун очиқ бўлиши.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи сифатида кооператив аъзоларининг шахсий меҳнати билан иштирокига асосланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятларни бажариш бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий пай бадаллари кўринишидаги пул маблағлари, ер участкаси, ер ва мулкий улушлари ва бошқа мулкларини ихтиёрий бирлаштириш ҳамда уларни кооперативнинг пай фондига киритиш йўли билан ташкил этилган кооператив тан олинади.

Ишлаб чиқариш кооперативи тижорат ташкилоти бўлиб, белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этилган кооперативлар ишлаб чиқариш кооперативларининг турлари ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи аъзолари учун унинг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этишлари мажбурийдир, бунда аъзолар уларнинг қандай вазифани бажаришларидан қатъий назар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бўлиб ҳисобланадилар.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативининг фирма номи “қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи” сўзларини ўз ичига олиши лозим. Қишлоқ хўжалиги кооперативининг фирма номига бўлган барча талаблар тегишли қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари сони учтадан кам бўлмаслиги лозим.

Қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативи сифатида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва (ёки) шахсий томорқа ер эгалари томонидан уларнинг матлубот кооперативи хўжалик фаолиятида ихтиёрий иштирок этиш шартларида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативи тан олинади.

Матлубот кооперативи тижорат ташкилоти ҳисобланади ва ушбу моддада белгиланган қоидаларга мувофиқ бир ёки бир нечта фаолият турларини бажариш учун кооператив аъзоларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилган қайта ишлаш, сотиш (савдо), хизмат кўрсатиш, таъминот, боғдорчилик, томорқачилик, чорвачилик кооперативларига бўлинади.

Қайта ишлаш кооперативига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (гўшт, балиқ, сут, нон ва нон маҳсулотлари, сабзавот ва мева, резаворлар, пахта, каноп, зиғир маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотлар, тахта-ёғоч материаллар ишлаб чиқариш) қайта ишлаш билан шуғулланувчи матлубот кооперативлари киради.

Сотиш (савдо) кооперативи маҳсулотларни сотиш, шунингдек, уни сақлаш, саралаш, қуритиш, ювиш, қадоқлаш, ўраш ва ташишни амалга оширади, битимлар тузади, бозорни ўрганади, маҳсулот рекламаси ва ўз фаолияти билан боғлиқ бошқа ишларни ташкил қилади.

Хизмат кўрсатиш кооперативи механизация, агрокимё, мелиорация, транспорт, таъмирлаш, қурилиш ишлари, шунингдек, суғурта хизматлари (суғурта кооперативлари), илмий-ишлаб чиқариш, ҳуқуқий ва молиявий маслаҳатлар, электрлаштириш, телефонлаштириш, санаторий ва тиббий хизматлар ҳамда бошқа турдаги иш ва хизматларни амалга оширади.

Таъминот кооперативи ишлаб чиқариш воситалари (ўғитлар, нефть маҳсулотлари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, пестицидлар, гербицидлар ва бошқа кимёвий воситалар, озуқалар) сотиб олиш ва сотиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай маҳсулотларни сотиб олиш; сотиб олинаётган маҳсулот сифатини синаш ва назорат қилиш; уруғлик, ёш қорамол ва паррандалар етказиб бериш; хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш ва уларни маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга етказиш; маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун зарур бўладиган матлубот товарларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, тиббиёт ва ветеринария препаратлари, китоблар) сотиб олиш ва етказиш мақсадларида ташкил этилади.

Боғдорчилик, томорқачилик ва чорвачилик кооперативлари ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиш учун ташкил этилади.

Суғурта кооперативининг фаолият юритиш тартиби, унинг аъзолари ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу қонун ва суғурта кооперативларини ташкил этиш ва фаолият юритиш қоидаларини тартибга солувчи қонунлар билан белгиланади.

Матлубот кооперативи, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, унинг таркибига иккитадан кам бўлмаган юридик шахс ёки бештадан кам бўлмаган жисмоний шахс кирганда ташкил этилади. Бунда кооператив аъзоси бўлган юридик шахс умумий йиғилишда қарорлар қабул қилишда битта овозга эга бўлади.

Хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш, сотиш (савдо), таъминот, боғдорчилик, томорқачилик ва чорвачилик кооперативлари томонидан бажарилаётган иш (хизмат)лар ҳажмининг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми ушбу кооперативлар аъзолари учун амалга оширилиши лозим.

Матлубот кооперативининг номланиши унинг асосий фаолиятини ифода этиши ҳамда “қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативи” сўзларини ўз ичига олиши лозим.

Top