10:18 / 30.04.2020
41994

Орзу ва рўё орасидаги лойиҳа: Илон Маск қандай қилиб дунёни сифатли интернет билан таъминламоқчи?

Яқинда дунё аҳолиси осмонда тизилган юлдузлар қаторига яна гувоҳ бўлди. Бу ғаройиб ҳодиса Ўзбекистон осмонида ҳам кўринди. Ҳа, Илон Маск осмонга олиб чиққан сунъий йўлдошлар Ерга жуда яқин жойлашгани учун уларнинг «сайрга чиққани» бутун дунёда кўринмоқда. Хўш, бу қатор бўлиб юрадиган «юлдузлар»ни замонамизнинг етук инженери нега коинотга олиб чиқди?

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Starlink лойиҳаси. Маск 12 мингта сунъий йўлдош билан Ерни «ўраб олмоқчи»

Ҳар замонда тизилиб юрганини осмонда кўраётганингиз -  Илон Маскнинг Starlink дастурини амалга ошириш учун олиб чиқилган сунъий йўлдошлардир. Уларни Falcon 9 ракета-ташувчиси 7 марта муваффақиятли парвозни амалга ошириб, турли баландликда жойлаштириб чиқди.

Денгиз сатҳидан 212-550 км баландликда жойлашган Starlink сунъий йўлдошлари одатдаги сунъий йўлдошлардан анча паст жойлашгани сабаб уларни тез-тез кўриш мумкин. Қизиғи, улар 386 км баландликкача ракетада олиб чиқилади ва 550 км баландликка сунъий йўлдошлар мустақил тарзда чиқади. Қандай дейсизми? Уларга ўрнатилган қуёш батареялари ёрдамида. Ҳар бир сунъий йўлдошнинг оғирлиги 260 кг атрофида.

Starlink лойиҳаси доирасида орбитага 12 мингдан 30 мингтагача сунъий йўлдош олиб чиқиш мўлжалланган. Улар уч қават бўлиб Ерни ўраб олади ва шу тариқа бутун дунёга сифатли интернет етказиб беришни таъминлайдиган провайдер учун «сунъий йўлдошлар армияси» пайдо бўлади.

Бир компания орбитага 12-30 минг дона сунъий йўлдош олиб чиқишни режа қилгани ва аллақачон уларнинг 420 донасини жойлаштириб бўлгани қанчалик жиддий кўрсаткич экани ҳақида икки оғиз. Union of Concerned Scientists халқаро илмий-текшириш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда орбитада турли давлатлар ва интернет провайдерларга тегишли 2 мингта атрофида сунъий йўлдош бор.

Яъни, Илон Маск Starlink лойиҳасини амалга ошириш учун орбитага ҳозирда мавжуд бўлган сунъий йўлдошлар сонидан камида 6 баравар кўпроқ Starlink сунъий йўлдошини олиб чиқишни мақсад қилган. Ҳозиргача олиб чиқилган 420та сунъий йўлдош ҳам осмондагиларнинг 20 фоизи дегани.

2019 йил 31 март ҳолатига кўра, орбитада 2 062та сунъий йўлдош аниқланган. Улардан 901таси АҚШга, 299таси Хитойга, 153таси Россияга, яна 709таси эса қолган барча давлатларга тегишли. Кўриб турганингиздек, ҳозир Илон Маскнинг ўзида бутун бошли Россия ва Хитойникидан кўпроқ сунъий йўлдош бор. 2018 йил 22 февралдан бошланган Starlink сунъий йўлдошларини олиб чиқиш ишлари 7 майда давом эттирилади. Бу гал ҳам доимгидек 60та Starlink орбитага олиб чиқилади.

Фото: EPA

Starlink мавжуд интернет хизматларини синдира оладими?

Starlink қандай лойиҳа деган саволни кўпчилик бераётгани аниқ. Бу Ер юзининг барча нуқтасига сифатли интернет етказиб бериш бўйича катта лойиҳа. Унинг дастлабки қиймати 10-12 миллиард долларга баҳоланган. Баъзи манбаларда эса лойиҳанинг 40 миллиард долларга тенг экани айтилган.

Ҳозир дунёда икки хил интернетдан кенг фойдаланилади: кабелли ва мобиль интернет. Кабелли интернет асосан шаҳарларда ишлайди. Мобил интернет қамрови эса бироз кенгроқ, аммо у ҳам шаҳардан узоқ жойларда кўнгилдагидек ишламайди. Сиз қишлоқларда яшасангиз ва интернет тезлиги ёмон бўлса, ажабланманг, бу муаммо дунёнинг ҳамма ерида топилади.

Starlink дунёнинг ярми шаҳарлардан ташқарида яшашини инобатга олиб, сайёрага тенг тақсимланадиган сифатли интернет провайдер яратишни мақсад қилган. Провайдерлар осмонда бўлгани учун сиз тоғда ҳам, олис қишлоқларда ҳам, денгизда ҳам – хуллас Starlink сунъий йўлдошлари кўринадиган ҳар қандай ерда сифатли интернетдан фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Аммо Starlink таклиф этаётган интернет мобил ва кабелли интернетни синдириши қийин бўлади. Чунки унинг нархи арзон бўлмайди. Ҳар бири фалон миллион долларга тушадиган сунъий йўлдошларнинг минглаб нусхасини осмонга жойлаштириш, уларни учириш учун харажатлар, бу учун жалб қилинган инвесторларнинг улуши – ҳаммаси Starlink провайдери таклиф этаётган ультразамонавий интернет нархига қўшилади.

Starlink интернетини тўғридан-тўғри телефон орқали қабул қила олмайсиз. Бу учун ўзига хос терминалларни сотиб олишингиз керак бўлади. Бундай ускуналар 100-300 доллар атрофида туриши тахмин қилинди. Starlink интернети учун бир ойлик ўртача тўлов эса 50 доллар бўлиши айтилган. Масалан, Ўзбекистон шароити учун бу жуда қиммат. Аввал терминал сотиб ол, у орқали интернетни тарқат ва кейин гаджетлар ёрдамида уларни тут... Хуллас, жуда мураккаб жараён. Одамларни бундай кўп босқичли интернетга ўргатиш қийин бўлади. Айниқса шаҳарларда шундоғам нолиб бўлмайдиган даражада интернет ишлаётган бир вақтда.

Аммо бу интернет кемалар, яхталар, самолётлар учун қулай бўлиши мумкин. Биласиз, самолётлар ва кемалар айнан космик интернетдан фойдаланиб ҳаракатланади. Бундай интернет провайдерлар аллақачон мавжуд ва Starlink`нинг дастлабки рақобатчилари сифатида айнан уларни келтириш мумкин. Одамларнинг уйигача кириб бориш учун эса Маск ракеталарни учиришдан ташқари яна кўп меҳнат қилиши керак.

Бу бўладиган ишми?

Фото: AP Photo/Jae C. Hong

Starlink лойиҳаси ҳақида 2015 йилда эълон қилинганди. Ўшанда бу ақл бовар қилмас лойиҳа экани айтилган, вақт ўтган сари унга ишонмай бошлашди. Аммо 2018 йил илк парвоз амалга оширилиб, синов муваффақиятли чиққач, барчанинг кўз ўнгида ўша ақл бовар қилмас лойиҳа амалга оша бошлади.

Starlink тақдирига шубҳа билан қараганлар Илон Маскнинг олдин ҳам бир нечта лойиҳаси орзулигича қолиб кетганини эслатишади. Масалан, катта шаҳарларда машиналар ҳаракатланиши учун махсус туннеллар лойиҳаси. У кўпчиликнинг эътиборини тортганига қарамай, лойиҳалигича қолиб кетди. Ёки бўлмаса ҳамон орзулигича қолаётган Марсга учиш режаси. Шу боис, Starlink’ни ҳам худди олдинги амалга ошмаган режалар каби пиар учун қилинаётган иш деб ҳисоблай бошлашди.

Дунёда интернет фойдаланувчилари қанча?

Дунёнинг энг катта бойлари бежиз интернет бозорига ўзини урмаяпти. Улар замонавий дунёда энг катта пул айнан шу соҳада айланишини тушуниб етишган. Дунёнинг энг машҳур бойлари ҳам бевосита интернет бизнеси билан боғлиқ экани ҳам бежиз эмас. Билл Гейтс, Марк Цукерберг, Жефф Безос, Жэк Ма каби машҳур миллиардерлар номи бевосита интернет билан боғлиқ.

Пул қаерда кўп бўлади? Талаб катта бўлган ерда. Интернет эса талаб ҳеч қачон пасаймайдиган ишончли соҳага айланди. Интернетсиз дунё камида ҳозиргидек бўлмайди. Инженердан чиққан, «Тесла» автокарларини сотиб миллиардерга айланган Илон Маск ҳам шу сабаб интернет бизнесига киришга қарор қилди. Майда-чуйда қилмади-да, биратўла бутун дунёни сифатли интернет билан таъминлашни ваъда қилди-қўйди.

Бугун дунёда 4,39 миллиард интернет фойдаланувчиси рўйхатга олинган. Бу жуда катта аудитория эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу катта бозорга кирганлар эса ўз салоҳияти даражасида фаолият олиб борса, касод бўлмайди. Масалан, Ўзбекистонда 15 миллиондан кўпроқ одам интернетдан фойдаланади.

Лойиҳа қанчалик ишончли?

Биз фойдаланаётган интернет технологиялари Ерда жойлашган ва табиийки уларда носозлик пайдо бўлса, тузатиб турадиган доимий ходимлар ишлайди. Агар Starlink’да носозлик пайдо бўлсачи? Кимдир орбитага чиқиб тузатиб тушадими ёки коинотда доимий уста учиб юрадими? Сунъий йўлдошлар 10-12 йилда ишдан чиқишини инобатга олсак, уларни алмаштириш ҳам миллиардлаб доллар харажат талаб қилади.

Космик чиқинди кўпаймайдими?

Ҳар бир одам қачондир нимададир айбланган. Ҳеч бўлмаса ёшлигида ширинликни кўпроқ еб қўйганликда. Мансабдор одам эса каттароқ нарсаларда айбланиши мумкин. Масалан, ваколатини суиистеъмол қилишда. Илон Маскни эса нақ Озон қатламининг емирилишида айблашганди. Катта одамларга қўйиладиган айбловлар ҳам катта бўлади.

Унга яна бир самовий айбни қўйишмоқда: космосни ифлослантиришда. Starlink космосга бу қадар кўп сунъий йўлдош чиқаргандан кейин улардан ажраладиган чиқинди ҳам кўп бўлади. Аммо Starlink вакиллари сунъий йўлдошлар орбитага чиқинди чиқармаслигига ишонтиришмоқда. Эмишки, улар муддати тугагач, қуёш нурида эритиб юборилади.

Махсус хизматлар маълумотлардан фойдаланиши мумкинми?

2018 йил декабрда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамда Space X ўртасида келишув имзоланган. Қиймати 28 миллион доллар деб баҳоланган бу келишувга кўра, томонлар Starlink сунъий йўлдошларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилишади. Табиийки тафсилотлар аниқ эмас. Илон Маскнинг сунъий йўлдошлари АҚШ махсус хизматлари манфаатлари учун ишлаши ҳақида гаплар тарқалди.

Яъни, АҚШ махсус хизматлари Starlink интернетидан фойдаланувчиларнинг маълумотларини «кўздан кечириш» имконига эга бўлади. Бироқ бу гапга ҳам ишониш қийин. Чунки МРБнинг машҳур агенти Эдуард Сноуденнинг сўзларига ишонадиган бўлсак, Ҳолливуд фильмларида дунёни қутқарадиган АҚШ махсус кучларида ҳозирги глобал тармоқ назоратида ҳам ўзларини «сувдаги балиқдек» ҳис қилишади.

Илон Маск нега бу ишга қўл ураётганини ягона сабаб билан изоҳлаш мумкин: пул! Бу лойиҳа замонамизнинг етук физигига йилига 35-40 миллиард долларгача фойда келтириши мумкинлиги айтилмоқда. Бошланишига харажатларга чидаса, йилига 40 миллиард доллар «қоринни оғритмайди», тўғрими?

Ўткир Жалолхонов

Top