02:56 / 30.04.2020
40295

Туркманистон телевидениеси Лебап вилоятидаги табиий офат оқибатлари ҳақида лом-мим демаган

Фото: Turkmennews

Туркманистон телевидениесининг барча давлат каналлари орқали трансляция қилинувчи «Ватан» бош ахборот дастурининг 29 апрель кунги сони эфирида Лебап вилоятидаги оғир аҳвол эсга олинмаган.

27 апрель куни бу вилоятга бўрон ва қаттиқ шамол ёпирилиб, талафот етказган. Унинг оқибатида вилоятнинг бир қатор аҳоли пунктларига зарар етказилиб, юзлаб оилалар бошпанасиз қолган. Туркманободда (қисман), Керки ва Форобда (тўлиқ) икки суткадан буён электр токи, табиий газ ва ичимлик суви йўқ, деб ёзади Turkmennews.

Туркманистон телевидениеси диктори Расул Нуриев

«Ватан» дастури Туркманистон ва Эрон президентлари ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали суҳбат ҳақидаги хабардан бошлаган. Президентлар бир-бирларини Рамазон ойи билан қутлаб, коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамда икки қўшни давлат ўртасидаги кейинги ҳамкорлик масалаларига тўхталишган.

Шундан сўнг Бразилия президентининг Туркманистон президентига Рамазон табриги ўқиб эшиттирилган. Сўнгра Туркманистон парламентидан янгиликлар кўрсатилган: ишчи гуруҳлар конституцияни янада такомиллаштириш устида иш олиб бораётгани ёритилган.

Янгиликлар давом этиб, ишбилармонлик масалалари бўйича Туркман-Астрахань кенгашининг 2-мажлиси, халқаро велосипедчилар уюшмаси президенти Дэвид Лапартьен билан 2021 йили Ашхободда ўтказилажак велотрек бўйича жаҳон чемпионати муҳокамасига бағишланган видеоконференция, Туркманистон давлат университетининг профессор-ўқитувчилар таркибининг Ереван давлат университети билан Махтумқули ижодига бағишланган видеоконференцияси ёритилган.

Сўнгра «КамАЗ» юк машиналарининг янги партияси келгани, туркман текстилининг хорижга экспорти ошаётгани, Балқан вилоятининг Туркманбоши этрапидаги «Хазарбалиқ» корхонасида балиқ ишлаб чиқариш кўпаяётгани, Тошҳовузда археологик топилмалар кўргазмаси ўтказилгани, ўқитувчилар ўртасида «йил ўқитувчиси» мусобақаси ўтаётгани, футбол бўйича Туркманистон чемпионати натижалари таништирилган.

Ижтимоий тармоқларда туркманистонликлар томонидан бонг урилаётган, бутун бир вилоят аҳолисига кучли бўрон ва шамол оқибатида зарар етказилгани, вилоятнинг бир қатор шаҳарлари икки суткадан бери электр, газ, сув таъминотидан узилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Top