16:37 / 02.05.2020
7082

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: Shutterstock

Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудларни барқарор ва жадал ривожлантириш учун уларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини, шунингдек, ҳудудларнинг бошқа қиёсий устунликларини баҳолашнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Рейтинг баҳолашни жорий этишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги;

янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш;

ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;

аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш;

ҳудудларнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш, уларнинг иқтисодиётини янада диверсификация қилиш;

ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш;

ҳудудларнинг молиявий мустақиллигига эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш.

Ушбу қарор билан Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Рейтинг баҳолаш натижалари асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади.

Ўтган йил учун рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади.

Рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокамага қўйилади.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Давлат статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси каби ташкилотлар томонидан икки ой муддатда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни рейтинг баҳолаш учун аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказиш методологияси ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланган методология асосида ҳар йили туман ҳамда шаҳарларда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровнома ўтказилади.

Top