09:55 / 02.05.2020
3451

Қонунчилик палатасида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Қонун лойиҳасида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилмоқда. 

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Қонун лойиҳасида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муҳим тамойиллар белгиланиб, асосий тушунчаларга аниқ таърифлар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шунингдек, одам савдосидан жабрланганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қонуний асослар бўлиб хизмат қилади.

Миллий қонунчиликда илгари бўлмаган одам савдоси
жабрдийдаларини идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда акс этаётгани, шунингдек, вояга етмаганлар савдосининг олдини олишнинг муҳим жиҳатлари мазкур ҳужжатда аниқ белгиланаётгани ҳам эътиборга молик.

Парламент аъзолари ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши одам савдоси жабрдийдалари бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада давлат органларининг ташаббускорлигини ошириш, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бошчилигида ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашди. Муҳими, одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга кўмаклашади.

Муҳокамалар чоғида депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Top