15:10 / 04.05.2020
7281

Хоразм вилояти бюджетидан сардобаликларга ёрдам учун 3 миллиард сўм ажратилди

«Сардоба» сув омборида келиб чиққан фалокатдан жабр кўрган сирдарёликларга ёрдам бериш учун Хоразм вилоят бюджетидан 3 миллиард сўм ажратилади. 

Фото: KUN.UZ

4 май куни халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, депутатлар, туман ҳокимлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида юзага келган офатдан талафот кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди.

Депутатлар сув тошиб, ҳудуддаги аҳоли пунктларида турар ва нотурар мулклар, ижтимоий соҳа объектлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий талафот етгани ва 70 мингга яқин фуқаро бу талафотдан азият чеккани хоразмликларни ҳам қайғуга солганини таъкидлашди. Шундай даврда ўзаро қўллаб-қувватлаш, турмуш шароити вақтинчалик оғирлашган сирдарёликларга кўмаклашиш, ёрдам бериш инсонийлик бурчи эканини эътироф қилишди. 

Сессияда Сардоба аҳлига кўмаклашиш хайрия жамғармасига вилоят бюджетидан 3 миллиард сўм пул ажратиш таклифи депутатлар томонидан маъқулланди.

Аввалроқ Хоразм вилоятидан Сирдарёга жами 500 миллион сўмлик инсонпарварлик ёрдами - озиқ-овқат, кийим-кечак ва қурилиш материаллари юборилганди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top