14:35 / 08.05.2020
4650

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги компаниялар томонидан 526,4 млн сўм беғараз маблағ тўпланди

Фото: Ўзсаноатқурилишматериаллари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Давлат раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солинди.

Мамлакатда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида, энг аввало, инсон омили, ватандошлар манфаати ётганининг яна бир бор амалий исботи бўлди ушбу ташаббус. Бошқача айтганда, синовли кунларда мушкул аҳволда қолган оила ёки фуқароларни ўз муаммолари қуршовида ёлғиз ташлаб қўймасликка, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо давлат ва жамиятнинг эътиборини ҳис қилиб туришини таъминлашга ундовчи ва мамлакат бунга қодирлигини кўрсатувчи, яхши кунларда ҳам, бугунгидай оғир кунларда ҳам бутун халқ бир бўлиб, мураккаб аҳволда қолган ватандошининг ёнида туришга чақирувчи хайрли ташаббус бўлди.

Шу боис “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, аъзо корхона ва ташкилотлар короновирус пандемияси вақтида ахолининг ижтимоий химояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор хайрия ишларини амалга оширишди. Хусусан, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобига “Қизилқумцемент” АЖ, “Бекободцемент” АЖ, “Оҳангаронцемент” АЖ, “Қувасойцемент”, “Кварц” АЖ ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Марказий аппарати томонидан 526,4 млн сўм маблағ беғараз ўтказилди. Шунингдек, “Жомбой яшил чироқлари” МЧЖ, “Turon Eco Cement Group” МЧЖ ва "PENG SHENG" МЧЖ ҚК каби хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Таъкидлаш керак, Сардобада сув тошқинидан азият чеккан аҳолига ёрдам бериш мақсадида уюшма томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Табиий офатдан зарар кўрган ҳудудни қайта тиклаш учун зарур бўлган қурилиш материалларини ўз вақтида етазиб бериш мақсадида ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган. Айни дамда “Кварц” АЖ томонидан 60 млн сўмлик қурилиш ойналари етказиб берилган. Шу билан бирга, ҳудудлардаги соҳа корхоналар томонидан Сирдарё вилоятига қурилиш материаллари хайрия қилинмоқда.

Ушбу эзгу саъй-ҳаракатнинг муборак Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам жуда катта маъно мужассам. Зеро, бу айёмда амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади албатта.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
Матбуот хизмати

Top