Анжуманда дастлаб “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан соҳада амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, мамлакатимиз қурилиш материаллари салоҳияти ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Шу билан бирга мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилишлар материалларининг жаҳон талабларига жавоб бериши, йирик заводлар фаолияти, экспорт кўрсаткичлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланишича, президентимиз томонидан 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сонли “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарор қабул қилиниб, соҳага Илм-фан ютуқларини ва инновацион технологияларни кенг жорий қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди ва уюшма қошида Қурилиш материаллари саноати Илмий-техникавий кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 9 июнда қабул қилинган ПҚ-6244-сонли “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил қилинди. Бу эса мамлакатимиз саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шаҳар ва вилоятларда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳисобига аҳолини иш билан банд қилишни кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сонли қарорига асосан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида 872 млн долларлик 39 та лойиҳа белгиланган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 327,6 млн доллар ўзлаштириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришга 101,0 млн доллар ташаббускорлар маблағи, 11,6 млн доллар тижорат банкларининг кредитлари ва 215,0 млн доллар хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар йўналтирилади.
















