09:30 / 09.05.2020
15743

Сирдарёда 10 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси эвакуация қилинган. Улар ҳозир қандай таълим оляпти?

1 май кунu Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 14та маҳалладан жами 10 140 нафар мактаб ўқувчиси эвакуация қилинган. Ҳозир уларнинг 5 889 нафари ўз уйларига қайтган. Тошқин оқибатида 1 643 нафар ўқувчининг дарсликлари яроқсиз ҳолга келган.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

«Сардоба» сув омборидаги техноген офат натижасида минглаб оилалар бошпанасиз қолиши билан бирга, карантин туфайли уйда таълим олаётган мактаб ўқувчилари ҳам таълимдан узилиб қолди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўқув машғулотларидан узилиб қолган ўқувчилар, сув остида қолган мактаб бинолари ва болаларни масофавий таълимга жалб қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қанча ўқувчи эвакуация қилинганди?

– Халқ таълими вазирлигида мавжуд маълумотларга кўра, тошқиннинг биринчи куни, яъни 1 май куни Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 14 та маҳалладан жами 10 140 нафар мактаб ўқувчиси эвакуация қилинган.

3 кундан сўнг сув тошқини етиб бормаган ва хавф бартараф қилинган ҳудудлардаги аҳоли ўз хонадонига қайтарилгани сабабли 5 889 нафар ўқувчи ўз уйларига қайтиб боришди. Ҳозир уларнинг аксарида онлайн таълимни давом эттириш имкони бор.

Ҳали уйларига қайтмаган ўқувчилар

– Айни пайтда тошқиндан уй-жойлари талафот кўрган ёки хавф мавжуд  оилаларнинг 4 251 нафар ўқувчи фарзанди 23та ижтимоий соҳа объектларида ва яқин қариндошлариникида вақтинчалик яшашмоқда.

Ўқувчилар яшаётган 23та объектнинг ҳар бирида ўртача 3тадан алоҳида синф хоналари ташкил қилиниб, болаларнинг онлайн дарс жараёнларини кузатиб боришлари учун телевизор ўрнатилган.

Қариндошларининг хонадонларида яшаётган ўқувчилар бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Шунингдек, ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш мақсадида уларга турли дарсликлар ва ўқув қуроллари етказиб берилган. Бундан ташқари, ҳудудлардаги мактаб ўқитувчилари телевизион дарс жараёнларини кузатишда ўқувчиларга ёрдам бериш учун бириктирилган.

Болалар учун психолог ёрдами йўлга қўйилди

– Эвакуация қилинган ўқувчиларга бўш вақтида «Ёш китобхон», «Тасвирий санъат» каби турли тўгаракларга қатнашиш имкони яратилди. Ўқувчилар, уларнинг ота-оналари учун мактаб кутубхоналари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сирдарё вилояти бошқармаси, Ёшлар иттифоқи ҳам танловлар, тадбирлар, спорт ўйинлари ва викториналар билан болаларнинг вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам бермоқда.

Ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини ўрганиш ва уларга психологик ёрдам бериш учун амалиётчи психологлар ҳам бириктирилган. Психологлар ўқувчилар ўртасида психологик тренинглар, давра суҳбатлари, сўровномалар ўтказмоқда.

Тошқинда яроқсиз аҳволга келган мактаб дарсликлари ҳақида 

– Халқ таълими вазирлиги таҳлилига кўра, 6та умумтаълим мактаби жойлашган аҳоли пункти тўлиқ сув остида қолган, аксарият хонадонлар бузилиб кетган, шунинг учун ўша ҳудудларда истиқомат қилувчи 1 643 нафар ўқувчининг дарсликлари сувга оққан ёки яроқсиз ҳолга келган.

Туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил қилинса, Сардоба туманидаги 20-мактабда 304 нафар, 22-мактабда 306 нафар, Мирзаобод тумани 17-мактабда 357 нафар, 28-мактабда 349 нафар, Оқолтин туманидаги 13-мактабда 205 нафар, 14-мактабда 122 нафар ўқувчининг табиий офат натижасида дарсликлари йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган.

Вазиятни ўнглаш учун эвакуация қилинган мактаблардаги дарсликлар захираси ҳисобидан 216 нафар ўқувчи эҳтиёжи қопланган, лекин 1 427 нафар ўқувчилар учун ўқув дарсликларига эҳтиёж мавжуд.

Тошқинда қолган мактаб дарсликлари учун жарима қўлланилмайди

– Ўқув йили якунида дарсликлари сув тошқинида қолган ўқувчилар китоблари йўқолгани учун жаримага тортилмайди. Бунинг учун тегишли далолатномалар тузилади ва дарсликлар мактаб ҳисобидан чиқарилади.

Яроқсиз ҳолга келган дарсликларнинг ўрнини қоплаш мақсадида синфлар кесимида рўйхат шакллантирилиб, вазирликка буюртмалар ҳам берилган.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top