12:30 / 13.05.2020
12687

«Ўзбекнефтгаз» раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ ишлаб чиқариш корхоналари, конлар ва қудуқлар ҳолатини ўрганмоқда

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ ижтимоий-иқтисодий аҳвол, ходимларнинг иш ва яшаш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш мақсадида ҳар ҳафта якунида конлар, қудуқлар ва тизимдаги корхоналарга ташриф буюрмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги «Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳаси, GTL заводининг асосий технологик қурилмаларнинг қурилиш жараёни ҳамда қурилиш майдонида фаолият олиб бораётган мутахассис ва ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитлари ўрганилди.

Ўзбекистонда ва бутун дунёда вужудга келган эпидемиологик вазиятга қарамасдан, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги энг йирик бўлган завод қурилиши давом этаётгани, корхонада ҳар бир ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш чоралари кўрилгани алоҳида эътироф этилди ва лойиҳанинг ўз вақтида бажарилиши бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли, ҳозирда табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқарилаётган 43та қудуқни ўзида бирлаштирган «Сомонтепа» конидаги қурилиш ишлари ҳолатини ҳам ўрганди.

«Сомонтепа» конида кунлик 1 млн. метр куб газ қазиб олиш, йиллик 4 млрд. метр куб газ хом ашёси ўтказиш қувватига эга газ коллектор лойиҳасининг қурилиш ишлари ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Бундан ташқари, «Сомонтепа» газ йиғув пунктида газни бирламчи тайёрлаш қурилмасидаги қурилиш ишлари қандай бажарилаётгани ҳам текширилиб, унинг жорий йил июнь ойининг бошида ишга туширилиши бўйича вазифалар белгилаб берилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари «Жанубий Ўртабулоқ» кони майдонида «қуйи терреген» қатламини ўрганиш учун бурғиланаётган янги 2-сонли терриген излов қудуғида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди ва малакали мутахасиссислар билан ҳамкорлик қилиш керакли борасида вазифаларни белгилаб берди.

«Ўзбекнефтгазбурғилаш» МЧЖ томонидан бурғиланаётган ушбу қудуқ ишга туширилиши натижасида, XVIII горизонт – «қуйи терреген» маҳсулдор қатламидан кунлик 100 минг метр куб олтингугуртсиз газ ва 10 тонна конденсат хом ашёси қазиб олиниши кутилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top