10:51 / 19.05.2020
26698

«Ойликка қараб қолган» Трамп. Унинг бизнеси бир ойда миллиард доллар йўқотди

Коронавирус сабаб сўнгги уч ой давомида дунё бойлари катта зарар кўрди. Бир томондан карантин жорий қилиниб, бизнес тўхтаб қолган бўлса, бошқа томондан фонд бозорларида қимматли қоғозлар нархи кескин арзонлаб кетиши улар зарар кўришига сабаб бўлди. Ана шундай жиддий йўқотишларга учраётган бадавлат шахслар орасида АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам бор.

Фото Win McNamee/Getty Images

Гарчи АҚШ президенти коронавирус унинг бизнесига сезиларли даражада таъсир қилмаганини таъкидлаётган бўлсада, Forbes ҳисоб-китоблари бошқачароқ натижани кўрсатмоқда: атиги бир ой ичида АҚШ президенти ўз бойлигининг учдан бир қисмини йўқотган. Журнал таҳлилчилари бир ой олдин АҚШ президентининг молиявий ҳолатини 3,1 миллиард долларга баҳолаган эди. Ҳозир эса унинг «атиги» 2,1 миллиард долларга тенг бойлиги қолгани айтилган.

Коронавирус Трампнинг молиявий ҳолатига қанчалик таъсир кўрсатганини аниқлаш учун унинг компаниялари ишлайдиган соҳалардаги қимматли қоғозлар нархларининг ўзгаришини таҳлил қилишди. Журнал таҳлилчилари 1 мартдан 18 мартгача бўлган муддатда кўчмас мулк бозорида фаолият юритаётган кўплаб компанияларнинг фаолиятини кузатиб боришган. Хулосалар шуни кўрсатдики, кўчмас мулк тижорати инқирозга юз тутмоқда. Юқоридаги муддат ичида Boston Properties ва Vornado Realty Trust каби бир қатор кўчмас мулк савдоси билан шуғулланадиган компанияларнинг акциялари ўртача 37 фоизга арзонлаб кетган. Шунга ўхшаш пасайиш меҳмонхоналар бизнеси, турар жой биноларига эга компаниялар ва гольф клублари операторлари орасида ҳам кузатилмоқда.

Трамп эгалик қилаётган турли компанияларнинг ҳолати кузатилиб, уларнинг коронавирусдан аввалги ва кейинги ҳолатлари таҳлил қилинган. Хулосалар Трампни хурсанд қилгулик эмас. У бир ойда 1 миллиард доллар йўқотган.

Албатта, бу баҳолаш анча нисбий, сабаби ҳозир қимматли қоғозлар бозорида нархлар электрокардиограмма чизиқларига ўхшаб кунора пасайиб, кўтарилиб ўйнаб турибди. Аммо коронавирус таъсири яқин келажакда ҳам давом этавериши эҳтимоли инобатга олинса, фонд бозорларида ижобий натижалардан кўра салбий кўрсаткичлар кўпроқ бўлади, деб тахмин қилиш мумкин.

Трампнинг бизнес империяси нималардан иборат?

Тижорат мулклари

  • Нью-Йорк ва Сан-Францискодаги савдо ва офис биноларидан иборат тижорий кўчмас мулклар
  • Коронавирус тарқалишидан олдинги баҳоси: 1,9 миллиард доллар
  • Коронавирус тарқалгандан кейинги баҳоси: 1,2 миллиард доллар

Трампнинг бизнес империясини унинг ўғиллари Эрик ва кичик Дон бошқараётган бўлса-да, барчасини президентнинг ўзи назорат қилиши айтилади. Албатта, бунга ишониш қийин. Трамп бизнесининг асосий қисмини тижорий кўчмас мулк ташкил этади.

Коронавирус тарқалишидан олдин унинг тижорий кўчмас мулк соҳасидаги активлари, қарзлар чиқариб ташлаганда, 1,9 миллиард долларга баҳоланган эди. 18 мартга келиб Трампнинг тижорий кўчмас мулк соҳасидаги активлари нархи 1,2 миллиард долларгача арзонлади.

Гап шундаки, Трамп Манҳэттендаги бешинчи авеню яқинида майдони 11 613 квадрат метрдан иборат йирик кўчмас мулкка эгалик қилади. Бешинчи авеню Нью-Йоркдаги энг гавжум масканлардан бири. Аммо ҳозир коронавирус пандемияси туфайли бу ерда ҳеч ким йўқ ва кўча кимсасиз бўлиб қолган. Карантин вақтида ижарага бериш мумкин бўлган офисли бинолар ҳам хавфсиз сармоя ҳисобланмайди, айниқса карантин пайтида уйда ўтириб ишлаш муаммо бўлмаган АҚШда. Шу туфайли бу кўчмас мулк АҚШ президентига фойда эмас, зарар келтиряпти, холос.

Турар жой мулклари

  • Бешта штатда жойлашган 500дан ортиқ уй-жой
  • Коронавирус тарқалишидан олдинги баҳоси: 235 миллион доллар
  • Коронавирус тарқалишидан кейинги баҳоси: 148 миллион доллар

Кўплаб тижорий кўчмас мулклардан ташқари, Трамп АҚШ бўйлаб 500дан ортиқ турар жой кўчмас мулкларига ҳам эгалик қилади. АҚШда тўсатдан карантин жорий этила бошланди, шунинг учун уйлар олди-сотдиси ҳақидаги аниқ маълумотлар жуда кам. Ҳозир уларнинг нархи қанчалигини билиш қийин.

«Карантин туфайли харидорлар сотилаётган квартираларни бориб кўролмай, уларнинг кўринишини виртуал ҳолда кўриб, ҳаётидаги энг муҳим харажатни қилиши даргумон», дейди Нью-Йоркдаги турар жой мулклари бўйича эксперт Жонатан Миллер. Жорий йил 1 мартдан 18 мартгача бўлган муддатда турар жой кўчмас мулкига эга бўлган бешта йирик компаниянинг қимматли қоғозлари 30 фоиздан кўпроқ арзонлаган.

Меҳмонхона бизнеси

  • Вашингтон шаҳридаги меҳмонхона ва Майамидаги курорт
  • Коронавирус тарқалишидан олдинги баҳоси: 107 миллион доллар
  • Коронавирус тарқалишидан кейинги баҳоси: 38 миллион доллар

Трамп меҳмонхона бизнесида ҳам ўз ўрнига эга эканини «Уйда ёлғиз-2» фильмидан билсангиз керак. Ҳа, бўлажак президент ҳам суратга тушган ўша фильмдаги «Плаза» меҳмонхонаси айнан Трампга тегишли. Унга тегишли меҳмонхоналар бошқа меҳмонхоналар каби карантин даврида катта қийинчиликларга дуч келди.

The Trump Organization Вашингтон шаҳрида жойлашган меҳмонхонани сотишга ҳаракат қилди, аммо бу режа кейинчалик бекор қилинди. Ахир карантин туфайли энг аввало меҳмонхона бизнеси инқирозга учраб турганда ким ҳам меҳмонхона сотиб оларди. Трампга тегишли меҳмонхонани жуда арзон нархга баҳолашди ва шу туфайли у Вашингтондаги меҳмонхонани сотишдан воз кечди. Washington Post нашрига кўра, Трампга тегишли компаниялар коронавирус пандемияси даврида жами 550дан ортиқ ходимни ишдан бўшатган.

Лицензиялаш ва бошқарув фаолияти

  • Ҳавайи ороллари, Уругвай, Ҳиндистон ва бошқа бир неча мамлакатларда бренддан фойдаланишга рухсат бериш ва меҳмонхоналарни бошқариш тизими
  • Коронавирус тарқалишидан олдинги баҳоси: 80 миллион доллар
  • Коронавирус тарқалгандан кейинги баҳоси: 42 миллион доллар

Март ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманларидан бирида Трампга коронавирус унинг бизнесига қанчалик таъсир қилаётгани ҳақида савол беришганида у шундай деганди: «Менинг қарзларим унча кўп эмас, шунинг учун ҳаммаси жойида». Аммо афтидан Трампнинг бу жавоби унинг Вашингтондаги меҳмонхонаси ёки Майамидаги гольф майдонига эга курортига тааллуқли эмас. Deutsche Bank Вашингтондаги Trump International Hotel меҳмонхонасини тиклаш учун 170 миллион доллар ва Майамидаги Trump National Doral гольф майдонига эга курортни қуриш ишларига яна 125 миллион доллар ажратган. Майамидаги курорт аллақачон фойда келтиришни бошлаган. Масалан, у 2018 йилда 9,7 миллион доллар фойда келтирган, аммо қарз миқдорига қараганда бу анча паст кўрсаткич ҳисобланади.

Гольф клублари

  • АҚШдаги 10та, Европадаги 3та гольф клуб
  • Коронавирус тарқалишидан олдинги баҳоси: 271 миллион доллар
  • Коронавирус тарқалгандан кейинги баҳоси: 217 миллион доллар

Трампга гольф курортлари умумий қанча зарар келтириши коронавирус туфайли юз берётган иқтисодий инқироз қанча давом этишига боғлиқ. Сармоядорлар учун битта яхши юпанч бор, гольф ўйнашда ижтимоий оралиқ масофани сақлаш жуда осон. Ёмон томони шундаки, қиммат гольф клублар инқироз пайтида камдан кам ҳолларда муваффақият қозонади.

«Инқироз даврида одамлар биринчи навбатда тежамкорлик учун гольф ўйнашни йиғиштиради», дейди Fairway Advisors брокерлик фирмасида гольф саноати бошқарувчи директори Жефф Дэвис. Март ойи бошида Трампнинг ушбу соҳадаги активлари қиймати 271 миллион долларга баҳоланган бўлса, ҳозир улар 20 фоизга арзонлаган.

Ҳашаматли уйлар ва бошқа мулклар

  • Мар-а-Лаго, Трамп-тауэр пентҳауси, шароб заводи ва бошқа активлар
  • Коронавирус тарқалишидан олдинги баҳоси: 348 миллион доллар
  • Коронавирус тарқалганидан кейинги баҳоси: 295 миллион доллар

Мар-а-Лаго президентга тегишли энг машҳур курорт ҳисобланади. Оммавий ахборот воситаларида ушбу меҳмонхона мижозлари орасида ҳам коронавирус билан касалланганлик ҳолати бўлгани ҳақида ёзиб чиқишганига қарамай, у инқирозни Трампнинг бошқа мулкларига осонроқ енгиб ўтиши мумкин. Чунки Мар-а-Лаго курортини ҳозир муваффақиятли бизнес бошқараётгани эмас, балки ҳашаматли мулк сифатида кўпроқ қадрлашлари инқироз оқибатларидан яхшироқ ҳимоялайди.

Шахсий сармоя ёстиқчаси

  • Коронавирус тарқалишидан олдинги ҳолати: 160 миллион доллар
  • Коронавирус тарқалишидан кейинги ҳолати: 160 миллион доллар

Дональд Трамп сармоя портфелининг энг муваффақиятли қисми бу шахсий сармоя ёстиқчаси ҳисобланади. АҚШ президенти аллақачон ўз акцияларидан халос бўлган ва энди унинг ҳисоб рақамида 160 миллион доллар нақд пул бор.

Сўнгги бир неча йил ичида бунча нақд пулни ушлаб туриш бошқалар наздида ёмон бизнесдай бўлиб туюлди. Сабаби сўнгги йилларда фонд бозори муттасил ўсиб боряпти ва Трамп нақд сармоясини шу соҳага тикиб анчагина пул ишлаб олиши мумкин эди. Аммо бугунги инқироз кунларида унинг ҳисобида 160 миллион доллар нақд пул борлиги бу яхши муваффақият ҳисобланади.

Ҳатто қийин пайтларда ҳам тушкунликка тушмасликка сабаблар бор. Масалан, Forbes журнали миллиардерларнинг бойлигини ҳисобга олиб, таҳлил қилишни бошлаганидан бери фонд бозорларида секинлик билан ўсиш бошланди. «Менимча, ҳозирги инқироз даври ва ундаги йўқотишлар Трамп учун кичик бир тўсиқдай гап», дейди Doral курортини Трамп сотиб олишидан аввал бошқарган курортлар оператори Жоэл Пейж. Унинг фикрича, Трампга тегишли соҳалар карантин чоралари бекор қилингандан бошлаб яна салмоқли фойда келтириб ишлай бошлайди.

Маош ҳам бор...

Тўғри, юқорида катта пуллар, катта йўқотишлар ҳақида гапирдик, аммо Трамп бу нарсалар ҳақида ўйламаётган бўлса керак. Ахир у замонавий дунёнинг энг зўр давлатида президент! Бу эса тарихда қолиш кафолати дегани. Шу сабаб Трамп ҳозир ўз пулларидан кўра давлатнинг пуллари ҳақида ўйлаётган бўлса керак. Дарвоқе, Трамп фақат зарар кўраётгани йўқ, ахир унга маошини тўлаб туришибди. Президентнинг бир дона купюрадан иборат маоши қанчалигини эса яхши биласиз – 1 доллар.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top