16:43 / 20.05.2020
4340

Карантин пайтида фарзандликка олиш тартиби қандай? Вазирлик изоҳ берди

Карантин даврида фарзандликка олиш тартиби қандай амалга ошириляпти? Бу тизим ҳам бошқа соҳалар каби онлайн тарзда ташкил этилганми? Фуқаролар қаерга мурожаат қилишлари мумкин? Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб олиш учун Халқ таълими вазирлиги бошқарма бош мутахассиси Ўлмас Камоловга мурожаат қилди.

Карантин пайтида фарзандликка олиш қанақа шаклда олиб борилади?

– Карантин муносабати билан барча таълим ва тарбия муассасалари ёпиқлиги сабабли болалар билан кўришиш тўхтатилди. Фарзандликка олиш жараёни ҳам секинлашди, лекин бутунлай тўхтаб қолгани йўқ. Фуқаролар яшаш ҳудудларидаги халқ таълими бўлимларига мурожаат қилишлари, керакли ҳужжатларни топширишлари мумкин. Айни вақтда «яшил» ва «сариқ» ҳудудда ушбу бўлимлар фаолият олиб бормоқда.

Фуқаролар ўзларининг яшаш ҳудудларидаги халқ таълими бўлимларига қандай ҳужжатларни топшириш талаб этилади?

Фарзандликка олиш ниятида бўлганлар халқ таълими бўлимларига қуйидаги ҳужжатларни топширишади:

  • фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери тургани, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, агар фарзандлари бўлса уларнинг сони ва ёши, фарзандликка олинадиган боланинг ёши ва жинси кўрсатилган ариза;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси (агар никоҳда бўлса);
  • оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;
  • иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;
  • иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;
  • фарзандликка олувчи бўлишни хоҳловчи шахснинг соғлиги тўғрисида тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари.

Фарзандликка олувчилар бўлиш имконияти тўғрисида хулоса тайёрлаш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлими болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиш натижалари бўйича далолатнома тузади. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, шунингдек, болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиш далолатномаси асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида уларнинг фарзандликка олувчилар бўлиши имконияти тўғрисидаги хулосани тайёрлайди. Ушбу хулоса ариза берувчиларга берилади ва фарзандликка олишга номзодлар сифатида ҳисобга қўйиш учун асос ҳисобланади. Халқ таълими бўлими томонидан ижобий хулоса олингач, фарзандликка олишга номзод сифатида навбатга қўйилади. Бу бўйича Халқ таълими вазирлиги расмий сайтидан қўшимча маълумотларни олиш мумкин.

Фарзандликка олиш учун ҳужжатларни онлайн топширса ҳам бўладими?

– Онлайн ҳужжат тизимини жорий этиш ва бу орқали шаффофликни таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, лекин ҳали тўлиқ охирига етмаган. Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 171-сон қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида»ги низом асосида амалга оширилади. Бола асраб олиш бўйича талабгор ҳақида ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган маълумотларга эга бўлиш учун бошқа вазирликлар ва ташкилотлар билан ҳам ягона базани яратиш керак. Бу эса маълум вақтни талаб этади. Шу сабабли ҳозирча онлайн тарзда ҳужжатларни қабул қилиш жараёни тўлиқ ишга тушмади.

Фарзандликка олиш учун навбати келган фуқаролар «яшил» ҳудудлардаги меҳрибонлик уйларига боришлари мумкинми?

– Карантин муносабати билан барча турдаги ҳудудлардаги (яшил, сариқ ва қизил) таълим муассасалари ёпиқ, жумладан, меҳрибонлик уйларига ҳам кириш-чиқиш тақиқланади. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини қариндошлари ҳам кўришлари мумкинмас. Фақат ходимлари кучайтирилган тартиб асосида уйига бориб келишига рухсат берилади. Шу сабабли навбати келган фуқаролар карантин тадбирлари тугашини кутиб туришлари керак бўлади.  

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди

Top