Ўзбекистон | 19:16 / 04.04.2023
39480
4 дақиқада ўқилади

“Меҳрибонлик уйидаги муҳит бўйича олдинроқ тегишли органларга маълумот берганмиз” – Миллий гвардия масъули

Хоразм воқеаси – меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бўлган ёш қизлар билан жинсий алоқа қилиб келган икки давлат амалдорига суд енгил жазо тайинлагани кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири Хоразм вилоятида бўлиб, воқеа тафсилотларини батафсилроқ ўрганмоқда. Дастлаб ҳолатга Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси изоҳ берди.

Хоразмда оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар вояга етмаган қизни 2021 йил май ойидан 2022 йил февралгача, яъни 10 ой давомида турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Мижозлар вилоят адлия бошқармасининг бошлиғи ҳамда туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи эканлиги аниқланди

Бу воқеалар содир бўла бошлаган 2021 йилнинг май ойида оилавий меҳрибонлик уйи Халқ таълими вазирлиги қарамоғида бўлган. Кейинчалик, 2021 йилнинг август ойидан президентнинг тегишли қарори билан Миллий гвардия қарамоғига ўтказилган.

Миллий гвардия Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғининг маълум қилишича, мазкур оилавий меҳрибонлик уйидаги носоғлом муҳит юзасидан тегишли органларга олдинроқ ёзма маълумот берилган.

Урганч шаҳридаги мазкур оилавий меҳрибонлик уйи 2021 йил февраль ойида ташкил этилган ҳамда Хива шаҳридаги болалар шаҳарчасидан 9 нафар бола тарбияга олинган. У пайтда оилавий болалар уйлари Халқ таълими вазирлиги қарамоғида эди. Президентнинг 2021 йил 9 августдаги тегишли қарори билан республикадаги барча меҳрибонлик уйларига, болалар шаҳарчаларига Миллий гвардия масъул этиб белгиланди.

Мазкур қарордан сўнг биз оилавий меҳрибонлик уйлари билан ишлашни бошладик ҳамда уларга бир нафардан мутахассислиги асосан психолог бўлган ходим бириктирдик.  

Мана шу оилавий меҳрибонлик уйи билан ишлаш жараёнида бириктирилган ходим ҳам ташрифи давомида у ердаги муҳит унчалик яхши эмаслигини аниқлаган. Биз бу юзасидан 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида белгиланган тартибда тегишли органларга мазкур оилавий меҳрибонлик уйини назоратга олиш ёки келгуси фаолиятини кўриб чиқиш кераклиги ҳақида ёзма маълумотлар берганмиз.  

Ўрганиш ишлари давомида фақат 3 нафар тарбияланувчига нисбатан мана шунақа салбий ҳолатлар аниқланган. Бошқа тарбияланувчиларга нисбатан бунақа хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги аниқланмаган. Мазкур ҳолатдан сўнг барча тарбияланувчилар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича бошқа оилавий болалар уйларига кўчирилган ёки ўзининг яқинларига қайтарилган.

Бугунги кунда 3 нафар қизнинг хавфсизлиги  таъминланган, тўлиқ ўзимизнинг ҳимоямизга олганмиз. Улардан бири қўшимча квота асосида олий таълим муассасаси талабаси бўлган. Қолган 2 нафари ўз яқинларига васийликка берилган”, — дейди Миллий гвардия Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Холмурод Қурбонов. 

Миллий гвардия масъулига кўра, ҳолат содир этилган оилавий меҳрибонлик уйи 2022 йил 13 май куни Урганч шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ўз фаолиятини якунлаган. У ерда тарбияланган болаларнинг айримлари ўз яқинларига берилган, айримлари эса бошқа оилавий болалар уйларига ўтказилган.

Ҳозирда вилоятда 11 та оилавий меҳрибонлик уйи фаолият олиб бормоқда. Содир этилган ҳолатдан сўнг вилоят ҳокимлиги ходимлари ва бошқа масъуллар томонидан комиссия тузилиб, барча оилавий меҳрибонлик уйларида ўрганиш ишлари амалга оширилаётгани айтилди.  

Kun.uz мазкур иш доирасида ўрганишни давом эттирмоқда. Ҳолатнинг кейинги тафсилотлари ҳақида навбатдаги материалда батафсил маълумот берилади.

Жамшид Ниёзов,

Kun.uz

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид