08:05 / 22.05.2020
5321

Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг мажлиси бўлиб ўтди

Коронавирус пандемияси оқибатлари олдини олиш, жумладан МДҲ мамлакатлари ҳудудларида бўлиб турган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатишда томонларнинг ваколатли идоралари ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

2020 йил 21 май куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг видеоконференцалоқа шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Марат Сиздиқов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуран Ниязалиев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Зоҳир Саидзода, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хожиев иштирок этдилар.

ТИВ хабарига кўра, тадбир иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия вазирларининг бўлажак учинчи учрашуви кун тартибини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон томони фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлаш учун мамлакатда амалга оширилаётган тадбирлар ва дастурлар ҳақида маълумот берди.

Коронавирус пандемияси оқибатлари олдини олиш, жумладан МДҲ мамлакатлари ҳудудларида бўлиб турган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатишда томонларнинг ваколатли идоралари ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Афғонистондаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро муносабатлар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-коммуникация соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш бўйича фаол қўшма ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар, дейилади хабарда. 

Top