14:02 / 23.05.2020
7518

Мудофаа вазирлиги спорт клуби қайта ташкил этилди ва янги вазифалар белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 19.05.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида армия спортини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 292-сон қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, армия спортидаги кўплаб ижобий натижаларга қарамай, қуйидаги камчиликлар:

армия спортининг аниқ йўлга қўйилган бошқарув тизими мавжуд эмаслиги, Мудофаа вазирлигининг айрим ҳарбий қисм ва муассасаларида спорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаганлиги;

давлат-хусусий шериклик шартларида нодавлат сектор билан ҳамкорлик механизмлари жорий этилмаганлиги;

жисмоний тарбия воситалари орқали ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг, айниқса ёшларнинг соғлом турмуш тарзига чуқур эътибор қаратилмаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
 
Ҳужжатга мувофиқ Мудофаа вазирлиги Спорт клуби Вазирлик Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилади. Марказ Вазирлик марказий аппаратининг мустақил бошқармасига тенглаштирилган муассаса ҳисобланади.
 
Марказнинг асосий вазифаларидан бири оммавийлаштирилаётган спорт турларини ривожлантириш, мамлакат ва Мудофаа вазирлиги қўшинлари спорт терма жамоалари учун юқори тоифали спортчиларни тайёрлашдан иборат.
 
Қарор билан Мудофаа вазирлиги армия спортини ташкил этиш тўғрисида низом, шунингдек уни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Низомга мувофиқ армия спортига Олимпия, оммавий, миллий, ҳарбий-амалий ҳамда техник ва амалий спорт турлари киради. Шунингдек ҳужжат билан вазирлик ва идораларнинг армия спортини ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалари белгиланди.
 
Ҳужжат 20.05.2020 йилдан кучга кирди.

Top