17:40 / 29.05.2020
52538

Деновдаги Амир Темур ҳайкали муҳокамаларга сабаб бўлди. Мавзуга Сенат қўмитаси раиси муносабат билдирди

Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳридаги Амир Темур ҳайкали ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Фойдаланувчилар ҳайкал саркарданинг шон-шавкатига мос эмаслигини таъкидламоқда.

Фото: Денов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев бу масалани Денов шаҳар ҳокими ва Архитектура ва қурилиш бошқармаси раҳбари билан муҳокама қилган.

Сенат матбуот хизматига кўра, Сайфуллаев «буюк соҳибқирон сиймосини гавдалантиришда барча жиҳатларга аҳамият қаратиб, кичик бир деталларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур»лигини таъкидлаган.

«Чунки бобомиз Амир Темур шахсини нафақат биз, балки бутун дунё аҳли яхши билади ва ардоқлайди. Шундай экан унинг сиймосини яратишда хато қилишга ҳақимиз йўқ», деган собиқ Маданият вазири, айни пайтда Сенат қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Денов тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга жавобан ҳайкалдаги белги юзасидан тушунтириш берган.

Унга кўра, ҳайкал Денов шаҳар ҳокимлигининг 1996 йил 25 апрелдаги фармойишига асосан бунёд этилган. Ҳайкалда Амир Темурнинг уч ҳалқадан иборат белги бириктирилган ҳассани қўлида тутган сиймоси акс этган.

«Соҳибқирон бобомиз қўлида ушлаб турган ҳассадаги уч ҳалқа Темур ва Темурийлар салтанати байроғи, тамғаси ва тангаларида тасвирлангани тарихий манбаларда келтириб ўтилган.

Амир Темур саройида хизмат қилган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ, Самарқандга испан элчиси сифатида келган Руи Гонзалес де Клавихо томонида келтирилган маълумотларда ва бошқа илмий рисолаларда қайд этилишича, бир-бирига туташган уч ҳалқа тасвирининг Амир Темур байроғи, тамғаси ва тангаларига туширилиши бу унинг ер юзидаги уч иқлим, яъни шимол, жануб ва ғарб ҳудудларини ўз ҳукмронлиги остида бирлаштирганини, дунёнинг уч қисми подшоси эканини ифодалаган.

Хулоса шуки, қўлида уч ҳалқадан иборат белги бириктирилган ҳасса тутган Амир Темур ҳайкали бобокалонимизнинг шон-шуҳрати, уч иқлимни бирлаштирган енгилмас машҳури замон бўлганлиги рамзидир», дейилади ҳокимлик баёнотида.

Қўшимча қилинишича, Денов тумани ва унинг марказини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, туман марказидаги хиёбонда ўрнатилган Амир Темур ҳайкали қайта реконструкция қилинади.

Top