08:07 / 29.05.2020
4668

ФВВ республикага хавфли касаллик кириб келишининг олдини олиш бўйича ўқув машқи ўтказди

Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Хива шаҳри ва Хива туманида куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситмаси касалликларини кириб келишини олдини олиш мавзусида ўқув машқи ўтказилди. 

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Ўзбекистонга хавфли касалликлар кириб келишининг олдини олиш бўйича ўқув машқи ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик хабарида айтилади.

Қайд этилишича, Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Хива шаҳри ва Хива туманида куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситмаси касалликларини кириб келишини олдини олиш мавзусида ўқув машқи ўтказилди. 

Билдирилишича, ушбу махсус жараён давомида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хизматларининг тайёргарлиги яна бир бор синовдан ўтказилди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Айтиш жоизки, куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади. Шу боис чорва молларини ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш, юқумли касалликларга қарши эмлаш йўлга қўйилган. Мол сўйиладиган замонавий кушхоналар, майдончалар барпо этилиб, улар зарур воситалар билан жиҳозланган.   

Бундай касалликлар одамларга юққанда, яширин даври бир неча кунгача давом этади. Куйдиргида баданда яра пайдо бўлади. Қрим-Конго геморрагик иситмасида ҳарорат кўтарилиб, баданга тошмалар тошади, заҳарланиш аломатлари намоён бўлади, қон кетади. Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур. Уйда ўзи билганича даволаниш оғир асоратларга олиб келиши мумкин. 

Top