11:12 / 30.05.2020
27847

«Ижтимоий масофа сақланмаяпти, тиббий ниқоб ҳафталаб тақилмоқда, карантин чекловларига риоя этилмаяпти» – ИИВ

Ички ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, савдо нуқталарида ижтимоий масофа сақланмаяпти, одамлар тиббий ниқоб ҳафталаб алмаштирмасдан тақишмоқда, карантин чекловларига риоя этилмаяпти.

Охирги вақтларда карантин чекловлари юмшатилиб, кўпгина ташкилот ва корхоналарга, тадбиркорларга иш юритишга шароит яратиб берилди, одамларнинг кўчага чиқишига имкон яратилди. Лекин фуқароларимиз бундан тўғри хулоса чиқармасдан, хавфли юқумли касалликдан бутунлай халос бўлдик деган тушунча билан, карантин қоидаларига беписанд муносабатда бўла бошладилар. Бозорларимизда, савдо нуқталаримизда ижтимоий масофа сақланмаяпти, фуқаролар тиббий ниқобни кўп кунлар, ҳаттоки ҳафталар давомида алмаштирмасдан тақмоқдалар, кўчага ниқобсиз чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Транспортда юриш чекловларига риоя этилмаяпти”, дейилади ИИВнинг Telegram’даги расмий каналида эълон қилинган видеомурожаатда.

Вазирликнинг Ўзбекистон аҳолисига мурожаатида бугунги кунга келиб касаллик аниқланган фуқароларимиз сони 3 440дан ошгани, улардан деярли 20 фоизи ҳали тузалмагани, шу пайтгача касалликдан 14 киши вафот этгани, 4 киши оғир аҳволдалиги алоҳида таъкидланади. Қайд этилишича, 46 минг 600дан зиёд фуқаро карантинда қолмоқда, коронавирусга чалинган 127 нафар беморнинг касаллик юқтирган манбаси ҳануз аниқланмаган, касал бўлганини ҳеч кимга билдирмасдан ёки коронавирус инфекциясини юқтирганини билмаган ҳолда уй шароитида даволанган беморлар ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Охирги вақтларда Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида коронавирус касаллиги аҳоли орасидан аниқланаётгани, бу рақамлар ҳар куни кўпайиб бораётгани, охирги икки кунда Тошкент шаҳрининг ўзида уларнинг сони 25тани ташкил этгани фуқароларнинг гигиена қоидалари ва белгиланган чекловларга беписанд бўлишлари натижасидир.

“Ички ишлар органлари мутасадди вазирлик ва идораларнинг ходимлари билан бирга касалланган шахслар билан мулоқотда бўлган фуқароларни аниқлаш, уларни тезкорлик билан карантинга олиш бўйича мураккаб тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширмоқдалар. Унутманг, касаллик ташувчи шахслар ўзлари билмаган ҳолда орамизда юриши мумкин. Шунинг учун, аввало, ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун ниқобсиз юрманг, мақсадсиз кўчага чиқманг, зарурат туғилганда бозор ёки дўконга тушсангиз, ижтимоий масофани қатъий сақланг.

Тартибни сақлаб қолиш бизнинг бурчимиз, огоҳлантириш эса вазифамиздир. Илтимос, сизни жазолашга бизни мажбур қилманг. Ҳеч ким яна бир неча ой уйда ўтиргиси келмаяпти. Вазият бунгача боришига йўл қўймаслик ўз қўлимизда.”, дейилади Ички ишлар вазирлигининг ўзбекистонликларга йўлланган видеомурожааатида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top