00:37 / 03.06.2020
5694

«Ўзбеккино»: 2019 йилда 12 та мультфильмни яратиш учун 4,4 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағи ажратилди

Ушбу маблағнинг 76,24 фоизи 2019 йилда 9 та мультфильм ишлаб чиқарган давлат мультимедиа студиясига, қолган 23,76 фоизи 3 та мультфильм яратган хусусий ишлаб чиқарувчиларга ажратилган.

Фото: tvkinoradio.ru

2019 йилда 12 та мультфильмни яратиш учун «Ўзбеккино» Миллий агентлигига 4 млрд 458 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағи ажратилган. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати маълум қилди

Агентликнинг билдиришича, ушбу маблағнинг 76,24 фоизи (3 млрд 400 млн сўм) 2019 йилда 9 та мультфильм ишлаб чиқарган давлат мультимедиа студиясига (уларнинг 4 та мультфильми  устидаги ишлар 2020 йилда ҳам давом этирилади), қолган 23,76 фоизи (1 млрд 59 млн сўм) 3 та мультфильм яратган хусусий ишлаб чиқарувчиларга ажратилган.

“Шу муносабат билан, "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг 2020 йилдаги илк ва муҳим қадами фильм ишлаб чиқариш, шу жумладан, анимацион фильмларни яратишга ажратиладиган бюджет маблағларини тақсимлаш тамойилларига ўзгартишлар киритгани бўлди”, дейилади агентлик матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, 2020 йилдан эътиборан барча фильм лойиҳалари фақат тендер асосида кўриб чиқилади. 

“Масалан, жорий йилда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги қошидаги Бадиий кенгаш 3 та мултьфильм ишлаб чиқиш учун қарорни айнан эълон қилинган тендер натижаларига асосан қабул қилди. Улардан биттаси давлат студиялари томонидан, 2 таси хусусий студиялар томонидан суратга олинадиган бўлди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бюджет маблағларини холисона танлов асосида кўриб чиқиш ва одилона тақсимлаш рақобат муҳитини яратади, пировардида яратилаётган маҳсулотларнинг даражаси ва сифатини оширишга кенг имконият яратилади.

Top