18:27 / 05.06.2020
4785

Байналмилалдаги ичимлик сув масаласи: Муаммони вазир назоратга олди, маҳаллага сув келди

4 июнь куни Kun.uz сайтида Қашқадарё вилояти Нишон туманининг «Байналмилал» маҳалласида мисолида «Нишонда 4 млрд сўмга сув иншооти қурилган ҳудудда аҳоли сувсизликдан қийналяпти. Қандай қилиб?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

5 июнь куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Қашқадарё вилояти Нишон туманида инвестиция дастури доирасида қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг декабрь ойида якунланиши режалаштирилган «Наврўз» ҚФЙдаги сув тақсимлаш иншоотини реконструкция қилиш» лойиҳаси амалга оширилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида «Наврўз» ҚФЙ аҳоли пунктлари билан бир қаторда «Байналмилал» МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам ичимлик сув билан таъминланиши кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳа доирасида қурилиш-монтаж ишларини Бош пудратчи сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Махсус механизациялашган йўл станцияси» ташкилоти ҳамда Бош пудратчи томонидан жалб этилган ёрдамчи пудратчи ташкилоти «Нефтгаз капитал монтаж қурилиш таъмир» МЧЖ амалга ошириб келган.

2019 йил якунига лойиҳа доирасида 9,72 км тармоқ тортилиб, 2 дона замонавий, энергия тежамкор насос ускуналари ўрнатилган бўлсада, объектларда лойиҳа доирасида кўзда тутилган ишлар, Бош ва ёрдамчи пудрат ташкилоти томонидан белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмаган эди. Шу сабабдан, Нишон тумани «Байналмилал» МФЙ ичимлик суви билан таъминланмай қолган.

Лойиҳа бўйича буюртмачи ва амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини назорат қилишга масъул бўлган «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши объектлари инжиниринг компанияси» ДУК томонидан йўл қўйилган камчиликларни кўрсатиб, 2020 йилнинг январь ойидан объектда қурилиш-монтаж ишларини якунлаш юзасидан бир неча марта огоҳлантириш хатлари «Махсус механизациялашган йўл станцияси» ташкилотига юборилган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўрилган чора- тадбирлар натижасида, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда объектларда лойиҳа доирасида кўзда тутилган қурилиш ишларини тўлиқ якунланиши ташкил этилди ва назоратга олинди. 

Kun.uz сайтида «Нишонда 4 млрд. сўмга сув иншооти қурилган ҳудудда аҳоли сувсизликдан қийналяпти. Қандай қилиб?» сарлавҳали мақола ва видеорепортажда ёритилган муаммоларнинг бартараф этилиши шахсан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Салиев томонидан назоратга олинди. Қисқа муддатда кўрилган чоралар натижасида муаммолар бартараф этилиб, 5 июнь кунидан бошлаб «Байналминал» МФЙга қарашли аҳоли пунктларига ичимлик суви етказилиши йўлга қўйилди», дейилади матбуот хизмати вазирлик муносабатида.

Мазкур муносабатдан сўнг Kun.uz «Байналмилал» маҳалласида яшовчилар билан боғланди. Фуқаролар ҳақиқатан ҳам маҳаллага ичимлик сув келганини айтишди ва бу доимий бўлиб қолишига умид билдиришди.

Top