23:31 / 06.06.2020
9031

Арманистон бош вазири мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият оғирлашганини айтди

Мамлакатда қаторасига беш кундан буён 500дан ортиқ кишида касаллик аниқланмоқда.

Фото: REUTERS

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ўта оғир эканлигини маълум қилди.

«Биз сўнгги нуқтага етиб келдик ва дўзах томон кетяпмиз. Арманистонда 200га яқин бемор касалхонага ётишга навбат кутмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими зўриқишга дуч келди ва беморларни касалхонага жойлашга улгурмаяпти», — деди Пашинян.

Унинг қўшимча қилишича, Арманистонда умумий карантин жорий этилмайди, чунки фуқаролар унга риоя қилишига ҳукуматнинг ишончи комил эмас. Шунингдек, мамлакат учун оғир иқтисодий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги сабабли ўз-ўзини изоляция қилиш режими ҳам кўриб чиқилмайди. 

Арманистонда охирги суткада 547 кишида коронавирус аниқланган, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 12,5 мнигдан ошган, 259 киши вафот этган. Қаторасига беш кундан буён 500дан ортиқ кишида касаллик аниқланмоқда.

Аввалроқ Пашиняннинг ўзи ҳам коронавирусга чалиниб, соғайганди.  

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top