15:18 / 06.06.2020
34530

Очилаётган авиақатновлар, рекордга интилаётган ўзбек ҳунармандлари ва туризм муаммолари - Азиз Абдуҳакимов билан суҳбат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда. Ташрифнинг кечаги кунида давлат раҳбари Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази” фаолияти билан ҳам танишди.

Жараёнларни Фарғонадан туриб ёритаётган Kun.uz мухбири бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билан “Ҳунармандлар маркази” фаолияти, унинг туризм салоҳиятини оширишдаги ўрни, пандемиянинг туризмга таъсири ҳамда соҳани қайта тиклаш мавзусида интервью уюштирди.

Азиз Абдуҳакимов

Абдуҳакимов янги очилган марказ фаолияти ҳақида гапирар экан, унинг оддийгина савдо дўкони эмас, биринчи навбатда, туристик объект ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.

«Бу ерда жуда ноёб анъанамиз – ҳунармандчилик маҳсулотлари жой олган. Энг муҳими, одамларни иш жойи билан таъминлаш, даромад олишларига кўмаклашиш ва маданиятимизни бутун дунёга кўрсатиш, миллий ҳунармандчилигимизни тарғибот қилиш имкониятига эга бўламиз. «Ўзбекипаксаноат» ассоциацияси билан ҳамкорлик асосида бундай ҳунармандчилик марказларини республика бўйича кўпайтиришга келишяпмиз», – деди у.

Айтилишича, ушбу марказ нафақат ишлаб чиқариш ҳудуди ҳисобланади, балки бу ерда ўқув курслари, савдо расталари ва ҳатто музей ҳам ташкил этилган.

«Маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келиб, ипакчилик тарихи ва бугуни ҳақида маълумот олишлари мумкин. Марказда замонавий технологиялар ҳам жорий этиляпти. Бу ерга келувчи меҳмонлар учун замонавий тўлов тизимлари ўрнатилади. WeChat ёки бошқа мобил иловалар орқали ҳам бемалол тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади. 260та турли музей, археологик объект, санъат, галереяларни қамраб олган VR-тур ташкиллаштирилмоқда. Туризмга йўналтирилган барча платформаларда ҳам VR-тур жойлаштирилади, келмоқчи бўлган сайёҳ улар билан танишиб чиқиш имкониятига эга бўлади», – деди Абдуҳакимов.

Бош вазир ўринбосари интервю давомида «Ҳунармандлар маркази»да «Ўзбекипаксаноат» билан бирга ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини экспортга йўналтириш масаласи ҳам белгиланиши, умуман, ипакчилик соҳасининг туризм салоҳиятини оширишдаги ўрни ҳақида ҳам гапирди.

«Хориждан келган меҳмонларни бу ерга олиб келиб, маҳсулотни реклама қилиш, “ўтказишимиз” керак. Ипакчилик йўналишидаги маҳсулотлар экспортини бир неча карра кўпайтириш масаласини қўйганмиз. Ипакчилик маҳсулотларини етиштириш бўйича ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ҳунармандчилик, ҳам туризм масаласи кесишмоқда.

Ўзимиздаги ресурсларни бирлаштирсак ҳам қўшимча қиймат кўпаяди, ҳам экспорт бўлади, ҳам иш жойлари ортади. Ўзбекистонда ипак биржаси, ипак ярмаркаларини кўпроқ ташкил этишимиз керак.

Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг ўрта қисмида – юрагида жойлашган. Мана шу жараён ҳозир яна тикланмоқда. Иш жойлари, экспорт, туризм, Ўзбекистоннинг хориждаги тарғиботи, аҳолининг даромадини ошириш – бу вазифаларнинг барчаси шу ерда бирлашади.

Ҳарир, бахмал, хонатлас, аълобахмал, адрас, беқасам, жанди каби мато турлари бор. Буларнинг барчаси катта потенциал. Уларни ЮНЕСКОнинг репрезентатив рўйхатига киритиш масаласини ўйлашимиз керак. Мутахассислар бунга илмий ёндашиб, санъат даражасига олиб чиқиши лозим.

Фақат атласга қараб қолмаслик, қолганларига ҳам диққатни қарата олиш керак. Буларнинг барчаси ўзбек миллатининг бойлиги. Ҳар бир нақшнинг ҳам ўз маъноси бор, улар илмий ёндашув асосида ўрганилиши керак.

Хитойликлар бу матоларнинг тайёр нақшини олиб, принтда чиқаряпти. Лекин биз ўзбек ҳунармандининг қўл меҳнати билан оригинал тарзда ишланганини оммалаштиришимиз керак. Агар қўл меҳнати билан қилинган ишни танита олсак, бунинг нархи бир неча бараварга ошади», — деди у.

Азиз Абдуҳакимовнинг маълумот беришича, ўзбекистонликлар яқин вақтлар ичида гилам тўқиш соҳасида Гиннеснинг рекордлар китобига кириши мумкин. Унга кўра, бу рекорд гилам тўқишда энг кўп тугунча ишлатиш бўйича бўлади.

Бу ҳақда гапирар экан, «Япония, Корея ўз маданиятини юқори даражага кўтара олган. Шу ишни биз ҳам қилишимиз керак. Бу дунёни ҳайратда қолдирадиган нарса. Матонинг бир квадрат сантиметри учун 1600та тугунча урилади. Бу рекорд натижа, бемалол Гиннесга киритиш мумкин. Биз шунга тайёрланяпмиз», – деди у.

Интервью давомида Ўзбекистонда туризм соҳаси, пандемиянинг унга жиддий таъсири ҳамда соҳани қайта тиклаш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Жумладан, Абдуҳакимовнинг шу мавзулар борасидаги саволга жавобан айтишича, Ўзбекистон ҳукумати аста секинлик билан халқаро авиарейсларни йўлга қўйиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

«Биз бунга катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Халқаро авиарейслар яқин орада очилади. Мана, Япония, Европанинг айрим мамлакатлари халқаро рейсларни йўлга қўйди. Туркия ҳам очилиш арафасида. Кўрдиларингиз, 8 июндан автобуслар ҳам йўловчи ташишни бошлайди. Бошқа турдаги жамоат транспортлари ҳам яқин орада йўлга тушади. 

Биз шунингдек, туризмни ривожлантириш ва уни аввалга суръатларига қайтариш мақсадида Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳга 15 АҚШ долларидан тўлаб берадиган бўлдик. Бу шундай бўладики, битта самолётда ўртача 200 нафар сайёҳ келадиган бўлса, уларнинг жами 3000 АҚШ доллари миқдоридаги харажатини тўлаб беряпмиз.. Меҳмонхоналарда харажатларнинг 10 фоизини, йил охиригача эса транспорт харажатларининг 30 фоизини ҳам қоплаб берамиз, яъни давлат томонидан субсидия берилади», – деди у.

Айтилишича, 2019 йилда Ўзбекистонга 6 млн 700 минг нафар сайёҳ келган. Шу йилнинг 1 январидан 15 мартгача эса 1 млн 200 мингга яқин турист Ўзбекистонга келган.

«Бу ўтган йилнинг мос даври учун 30-40 фоиз ўсиш бўлди. Май ойида 2019 йилда 496 минг хорижий меҳмон келган. Бу йил май ойида эса 400 нафар одам келди. Бу пандемия даврида туризм тўлиқ тўхтади, деган гап. Соҳада 260 мингдан ортиқ одам ишсиз, даромадсиз қолди. Аммо давлат томонидан ёрдам кўрсатилди, туркомпаниялар, меҳмонхоналарнинг 3 ойлик кредитларининг фоизини давлат қоплаб берадиган бўлди.

Бу йил якуни билан туризм соҳасида 2016 йил рақамларига қайтиб қолишимиз мумкин. 2016 йилда 1 млн 300 нафар одам Ўзбекистонга келган, 400 млн атрофида экспорт бор эди, яна шу рақамларга қайтишга тўғри келиши мумкин. Лекин бу чўкиб қолдик дегани эмас. Биринчидан, ички туризмни кўтариб олишимиз мумкин. Иккинчидан, шу баҳонада катта диверсификация кетяпти. Хонобод, Бўстонлиқда катта лойиҳалар қилинмоқда. Шоҳимардон, Сўх бўйича ҳам янги таклифлар бор.

Пандемия даврида туризм борасида бошқа давлатлар ҳам нолга тушди. Кейинги 3-5 йил ичида дунёдаги энг катта бозорлардан бири, давлатларнинг 10 фоиздан 30 фоизгача ЯИМга таъсир қиладиган туризм соҳасида ҳамма тенг бўлиб қолди. Иш қайта йўлга қўйиладиган рестарт даврида ўрнимизни яхши топиб олишимиз мумкин. Бунинг учун глобал пиарни тўғри қилишимиз керак», – деди у.

Интервю давомида туристларни Ўзбекистонга келиш учун энг кўп қизиқтирадиган жиҳатлар ҳақида ҳам сўз борди. Унга кўра, туристлар тарихимиз, маданий меросимизга бўлган қизиқиш сабаб Ўзбекистонга келади.

«Бухоронинг қадимий қисми, Хивадаги Ичанқалъа каби обидалар ЮНЕСКО рўйхатига кирган.

Биз «Ўзбекистонда кафолатланган хавфсиз саёҳат» деган дастур ишлаб чиқдик. Унга кўра, мамлакатда саёҳатнинг хавфсиз бўлиши тўлиқ кафолатланади. Ҳеч қандай коронавирус хавф солмайди. Тадбиркорлик субъектларида «COVID-19 таблеткаси» тизими йўлга қўйилади.

Ўзбекистон жиноятчилик нуқтаи назаридан дунёнинг энг хавфсиз 5 давлат рўйхатига кирган. Энди коронавирус нуқтаи назаридан ҳам энг хавфсиз давлатлар рўйхатига киришга ҳаракат қилишимиз керак. Биринчидан, туристик жиҳатдан зўр ўринга чиқсак, иккинчидан, санитар-гигиеник нуқтаи назардан хавфсиз давлатлар қаторига кирсак, соҳа ривожланади», деди у.

Kun.uz мухбири интервью давомида бош вазир ўринбосарига ўзбекистонликларнинг кўпчилиги саёҳатларга чиқа олмаслиги ва бу одамларнинг иқтисодий аҳволи билан боғлиқлиги ҳамда улар учун ички туризмни арзонлаштириш кераклиги борасида савол берди.

Азиз Абдуҳакимов саволга қуйидагича жавоб берди: «Ички туризмни ривожлантириш учун касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги каби тузилмалар бор. Улар билан келишиб, туристик ҳафталиклар, туристик ойликлар қиляпмиз. Туркомпаниялар, меҳмонхоналар билан келишиб, катта чегирмалар бериляпти. Санаторий, оромгоҳлар ҳам ишга тушди, одамлар кела бошлашган. Ҳамма талабларга жавоб беради. Бирон ҳолат чиқадиган бўлса, изоляторлар ҳам, тиббий ёрдам бор. Одамларга хавфсиз саёҳат қилишни ўргатишимиз керак. Одамлар уйда ўтириб зерикиб қолган. Ички туризмда маҳаллий аҳоли учун нархларни икки бараваргача арзонлаштириш мумкин.

Чегирмалар йил якунигача амал қилади. Ходимларига ички туризм харажатларини қоплаш орқали иш берувчилар даромадининг шу қисмини солиққа тортувчи базадан чиқариши мумкин. Саёҳатга чиқадиган ходим ҳам ўзининг ойлигидан шу харажатларни солиқдан чиқариб юбориши мумкин. Аввал бизда ички туризм тўхтаб қолганди, чунки хорижий сайёҳлар кўпайиб кетган эди. Ҳозир эса ички туризмни тиклаб олиш учун яхши шароит.

Илгари Ўзбекистон туризми фақат тарихий йўналишда бўларди, ҳозир тиббиёт, экотуризм, гастрономик туризмга эътибор бериляпти.

Давлат раҳбари Андижонга борганда айтди, аҳоли кўпроқ юриши керак. Бунга рағбатлантириш учун одамларнинг юрганига қараб ўлчаб, ягона базага киритиб, баллар йиғиш, бонуслар тақдим этиш бўйича ишлаяпмиз. Юрганидан келиб чиқиб баллар жамлаб, бу баллардан давлат хизматлари кўрсатилишида имтиёзларга эга бўлиши мумкин. Мобил телефонига илова ўрнатиб, бонуслар жамлаб борса, ҳам ўз соғлигига фойда, ҳам 100 минглик хизмат 60-50 мингга тушиши мумкин».

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Top