21:11 / 13.06.2020
18946

Ким Чен Иннинг синглиси Жанубий Корея билан муносабатларни узиш вақти келганини айтди

Аввалроқ Корея меҳнат партияси марказий қўмитасининг ягона фронт бўлими мудири Чжан Гим Чхол КХДР Корея Республикасига нисбатан ишончни йўқотганлигини айтганди.

Фото: AP

Корея меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлими мудирининг ўринбосари, КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон Пхеньян яқин вақт ичида Жанубий Кореяга нисбатан "навбатдаги қадам"ни қабул қилишини айтди.

"Шубҳасиз, Жанубий Корея томони билан муносабатларни узиш вақти келди деб ўйлайман. Яқин вақт ичида Сеулга нисбатан навбатдаги қадамни қабул қиламиз. Олий раҳбар, партиямиз ва давлатимиз берган ваколатдан фойдаланиб, душман билан муносабатлар бўлимига навбатдаги қадамни қабул қилиш бўйича топшириқ бердим", деди у.

Ким Ё Чжон шунингдек, навбатдаги ҳаракатлар бўйича қарор қабул қилиш Корея халқ армиясининг бош штаби зиммасига юклатилишини қайд этди.

Аввалроқ Корея марказий телеграф агентлиги Корея меҳнат партияси марказий қўмитасининг ягона фронт бўлими мудири Чжан Гим Чхолнинг баёнотини эълон қилганди. Баёнотда КХДР Корея Республикасига нисбатан ишончни йўқотганлиги айтилганди.

КХДР 9 июндан буён Жанубий Корея билан барча алоқа каналларини узиб қўйган. Бунга Жанубий Кореянинг Шимолга ташвиқот варақалари жўнатганлиги сабаб бўлганлиги айтилди.

Top