12:03 / 18.06.2020
10399

«Fitch» вакили: Ўзбекистоннинг давлат қарзи катта эмас, аммо бу мутлақ маънода пастлигини ҳам англатмайди

«Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида Ўзбекистоннинг рейтинг позициясини BB- «барқарор» кутилма билан сақлаб қолган «Fitch» халқаро рейтинг агентлиги катта директори Эрик Ариспе рейтинг баҳосини изоҳлади.

«Апрель ойида биз Ўзбекистон рейтингини қайта кўриб чиқдик ва рейтингни BB манфий даражада, келгусида барқарор деб тасдиқлаймиз. Ташқи контекстга назар ташласак, ҳозирги пайтда рейтингнинг Ўзбекистон жойлашган категориясида Озарбойжон, Арманистон, Грузия каби мамлакатлардаги салбий рейтинг ҳаракатларига гувоҳ бўлдик. Лотин Америкасида ҳам айтайлик, Доминикан Республикаси, Гватемала каби мамлакатларда пасайишларни кўришимиз мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистон «мўътадил ҳисоб»га эга. Давлат ва ташқи молиявий маблағлари кучли ва ташқи шок ҳамда бошқа ташқи инқирозларга тезлик билан жавоб қайтаришга қодир. Бугунги кунда коронавирус шундай инқирозлардан биридир.

Бундан ташқари, нафақат қарзларни кўпайтириш билан боғлиқ баъзи хавотирлар, шунингдек, молия ва кредит ўсиши ўртасидаги микро-сиёсат изчиллигини сусайтириши, ортиқча харажатларнинг ошиши туфайли сезиларли даражада юмшатилган. Пул-кредит сиёсати доираси, шунингдек ҳукуматнинг йўналтирилган кредитлаш, ажратилган кредитларни қайтариш бўйича мажбурияти ва келажакда қарзни шакллантириш бўйича баъзи кўрсатмалар берилган. Шубҳасиз, ҳозирги молиявий дефицит ҳолати қарз олишни кўпайтиришга зарурат туғдирди, шу сабабли бизнинг нуқтайи назаримизга кўра нафақат баланс активлар, балки суверен активлар нуқтайи назаридан ҳам мустаҳкамлаш керак. Ҳукумат қарздорлик ўсишини барқарорлаштириш учун ишончли йўлни таклиф қилиши ва шу йўлдан фойдаланиши мумкин», дея «Fitch» катта директори Эрик Ариспенинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У ислоҳотлар аҳамияти ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Ислоҳотлар икки сабабга кўра аҳамиятли деб ўйлаймиз: биринчидан, ислоҳотлар Covid 19 инқирозидан кейинги жадал суръатлар билан тикланиш учун Ўзбекистоннинг мустаҳкам асосларини қўллаб-қувватлашда муҳимдир. Ушбу инқирозга қарши курашиш қийин бўлишига қарамай, таркибий ислоҳотлар давом этмоқда. Масалан, ҳукумат томонидан молия секторида ислоҳотлар давом эттирилмоқда, бу эса ўз навбатида бизни қувонтиряпти.

Бу яқин келажакда ўсиш истиқболларини қўллаб-қувватлайди. Ислоҳотлар, шунингдек, баҳолаш ва баҳо бериш учун биз кузатиб борадиган бошқа параметрларга ҳам таъсир қилади деб ишонамиз. Бу нафақат қарздорлик, ташқи ҳисобларнинг ўсиши, балки таркибий ижобий ўзгаришлар омиллари билан боғлиқ. Жаҳон банки кўрсаткичлари бўйича ўлчанадиган Ўзбекистондаги кредит профилининг камчиликларидан бири бу институционал чекловлардир ва бу борада қатор ижобий ўзгаришларга эришилди. Эндиликда биз ҳукумат инқироздан кейинги даврда фискал консолидацияга, қарзларни барқарорлаштиришга ва халқаро баланс сифатида барқарор сақлаш учун қандай йўлдан кетишига баҳо берамиз», деди Fitch Ratings катта директори.

У давлат қарзи бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Ўзбекистон ҳақида гапирсам, давлат қарзи катта эмас. Аммо бу энди мутлақ маънода паст ҳам эмас, шунинг учун қарз бу йил ЯИМнинг 35 фоизигача кўтарилиши прогноз қилинган. Ўзбекистоннинг давлат молиявий сиёсати бошқа BB даражасига эга мамлакатларга нисбатан кучлироқ. Қарз ўсишда давом этар экан, бу қўллаб-қувватловчи омилларнинг таъсири пасаяди. Шу билан бирга, таркибий ислоҳотлар ҳалиям муҳим ислоҳотлардан бири бўладими ёки йўқми жуда муҳим ўринга эга», деди Эрик Ариспе.

У қарз даражасида ҳисобга олиниши керак бўлган омиллар ҳақида гапирган.

«Энди қарз масаласида гапирадиган бўлсам, қарз даражаси бир нечта омилларни ҳам ҳисобга олиши керак: биринчи навбатда валюта таркиби ва унинг аҳамияти. Яъни мамлакатда ташқи қарз, унинг активлари ва ривожланаётган бозорларга нисбатан талаб мавжудлигини англатувчи резерв валюта мавқейига эгами ёки йўқми?

Шунингдек, захира валютаси ҳолати билан боғлиқ молиялаштиришнинг мослашувчанлиги – бу мамлакатларнинг активлари ёки валюталарига талабнинг ўсиши ёки қарздорликнинг сезиларли даражада кўпайишини молиялаштиришдир. Ўзбекистон ҳукумати макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, балансларни пасайтиришга ҳаракат қилмоқда », деди Fitch Ratings катта директори.

Top