21:43 / 22.06.2020
4892

Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун 35 миллион доллар ажратмоқда

Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ипотека-банкининг хусусийлаштирилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кўламини кенгайтириш учун 35 млн AҚШ доллари эквивалентида, миллий валютадаги заёмни тақим этади. Шу билан бирга, миллий валютадаги молиялаштириш, мамлакатдаги етакчи давлат банкларидан бирини рақобатдош хусусий тижорат банкига айлантиришда ёрдам беради.

Ушбу сармоя Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш дастурини қўллаб-қувватлаш ва давлат банклари сони кўп бўлган мамлакатнинг банк секторига хусусий инвестицияларни жалб қилишдаги стратегик устувор йўналишлардан бирини акс эттиради. Кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, Ипотека банкининг қайта транформацияси бошқа давлат банкларини хусусийлаштириш учун намуна бўлиб хизмат қилади ва хусусий инвесторларни Ўзбекистон банк секторига фаол жалб қилишда хизмат қилади.

«Ўзбекистон ва Халқаро молия корпорацияси ўртасидаги ушбу ҳамкорлик яқинда президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига ҳам мувофиқ. IFC томонидан тақдим қилинаётган молиялаштириш, ўтган уч йил давомида Ипотека-банк томонидан олиб борилган, банк операцияларини тижоратлаштириш ва уни мустақил равишда фаолият кўрсатадиган молиявий институтга айлантиришга қаратилган чораларнинг муҳим эътирофидир», деди Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров.

«Банк тизимини ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида банкларидаги давлат улушини инвесторларга топшириш кўзда тутилган. Хусусийлаштириш хусусий капитал, халқаро тажриба ва замонавий технологияларни жалб қилади, натижада ушбу жараён банк ва унинг мижозларига ижобий таъсир кўрсатади. Ҳозирги вақтда давлат банкларининг Ўзбекистон банк секторида концентрацияси юқори. Мамлакатдаги 30та банкнинг бештаси тўлиқ давлатга тегишли, қолган саккизта банкда эса давлатнинг 50 фоиз улуши мавжуд.

Халқаро молия корпорациясининг Европа, Марказий Осиё, Лотин Aмерикаси ва Кариб ҳавзаси бўйича вице-президенти Жоржина Бейкернинг таъкидлашича, «Халқаро молия корпорациясининг молиялаштириши ҳамда сўнгги йилларда тақдим этилган маслаҳат хизматлари билан бир қаторда, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг молиявий секторда хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича ҳаракатларнинг бир қисмидир. Инвестициялар Ипотека банкга хусусий секторни капиталга жалб қилиш ва мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнесни кредитлашни кенгайтиришга қаратилган режани самарали амалга оширишда ёрдам беради.

Халқаро молия корпорацияси Ипотека-банк билан 2017 йилдан буён банкнинг тижорат фаолиятини, корпоратив бошқарувини ва хавфларни бошқариш амалиётини такомиллаштириш орқали институционал трансформация мақсадида ҳамкорлик қилмоқда, бу эса ушбу инвестициялар учун зарур шарт-шароитларни яратди.

Марказий Осиёда аҳоли зичлиги энг юқори бўлган мамлакат мисли кўрилмаган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Халқаро молия корпорацияси ушбу ислоҳот жараёнини асосий соҳаларда инвестиция ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирги вақтда Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги инвестиция портфели 53 миллион долларни ташкил этади, ҳамда молия ва тўқимачилик соҳасидаги лойиҳаларни ўз ичига олади.

Халқаро молия корпорациясининг маслаҳат дастурлари давлат корхоналарини, шу жумладан иккита давлат банкларини хусусийлаштиришда, пахта соҳасини ислоҳ қилиш, молия бозорини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида давлат ва хусусий шериклик алоқаларини амалга оширишда ёрдам беради», дейилади Молия вазирлиги хабарида.

Top