11:39 / 25.06.2020
4856

Аэропортларда хизмат кўрсатиш учун тарифларни шакллантириш қоидалари тасдиқланди

Транспорт вазирининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим, тарифларни шакллантириш ва ундириш қоидалари тасдиқланди.

Қоидалар Ҳаво кодекси, фуқаро авиациясини такомиллаштириш ва туризмни ривожлантириш бўйича ҳукумат қарорлари, шунингдек Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
 
Norma’нинг ёзишича, ҳаво кемаларида кўрсатилган хизматлар учун аэронавигация йиғимлари Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилотининг (EUROCONTROL) методикасига мувофиқ ҳисобланади.
 
Ўзбекистон аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ва аэронавигация хизматлари учун йиғим ва тарифлар ички ва халқаро рейсларга қараб табақалаштирилади.
 
Ўзбекистон резиденти ҳисобланган, мамлакат ичида парвозларни амалга оширадиган авиакомпаниялар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ягона йиғим ва тарифлар белгиланади.
 
Қоидаларда кўрсатиладиган ҳар бир хизмат тури бўйича тарифларни шакллантириш механизми батафсил баён этилади, хусусан аэропортларда ер усти хизматларини кўрсатиш учун 45 турдаги йиғимлар белгиланган.
 
Ҳужжат 14.09.2020 йилдан кучга киради.

Top