11:50 / 25.06.2020
27363

Журналистдан чиққан андижонлик ҳоким — болаларни пахтага чиқармагани, дам олиш кунлари жорий этгани ҳақида

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни олдидан мухбирлик, муҳаррирликда шаклланиб, Олтинкўл тумани ҳокими, вилоят ҳокими ўринбосари лавозимларида фаолият юритган, айни пайтда Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари, устоз журналист Назиржон Саидов билан суҳбат қурдик.

Назиржон Саидов 1970-1980 йилларда Андижон ва Олтинкўл туман газеталарининг бош муҳаррири лавозимларида ишлаб, сўнг Олтинкўл туман ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, «Олтинкўл» колхози раиси, 1990-1993 йилларда эса Олтинкўл тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб борган.

Журналистикадан ҳокимликка ўтиш

Назиржон Саидов билан у айни кунларда фаолият олиб бораётган Андижон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимида учрашдик.

«Турсунбой Абдусаматов деган журналист қўшнимиз бўлган. Шу инсон туфайли журналистикага қизиқиб, туман газеталарига мақола, шеърлар жўнатардим. Ёшлигимда ёзган икки қатор шеърим бу соҳага чуқур кириб кетишимга сабаб бўлган.

Бир ҳаваскор шоир ўз шеърига

Сарлавҳа қўйибди – «Гўзал лолазор».

Қизил қалам билан текшириб кўрсам,

Хатодан шеър бўлди гўё «лолазор».

Ўша пайтдаги журналистларга мана шу шеърим маъқул келиб, «Сендан яхши танқидчи, яхши журналист чиқади», дейишган. Ўзим ҳам публицистикага жуда қизиқардим.

Яхши ният билан Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига кириб ўқидим. 1976 йили Андижон тумани газетасида бош муҳаррир бўлдим. 1979 йилда Олтинкўл туман газетасини ташкил қилдик.

1985 йилларда туман ижроия қўмитаси раиси ўринбосарлигига таклиф этишди. Бир муддат янги ташкил этилган жамоа хўжалигида раис бўлиб ишлаганман.

90-йилларда демократик жараён кучли эди. Туманда партия конференцияси бўлди. Унда туман ҳокимини сайлаш кун тартибига қўйилган бўлиб, бир неча номзодлар қаторида менинг ҳам номзодим бор экан. Йиғилишда вилоят прокурори Бўритош Мустафоев ҳам қатнашаётган эди. Мен ўрнимдан туриб: «Бўритош ака, мана сиз вилоят ҳокимлигидан келган вакилсиз, номзодлар ичида мендан уч-тўртта кўйлакни кўп кийган, тажрибали, салоҳиятли инсонлар бор. Шунинг учун ўз номзодимни оламан», дедим.

Конференцияда Тошкентдан келган вакиллар ҳам ўтирган экан, улар бири: «Ҳозир бизда демократия. Номзодингизни олиб қўя олмайсиз. Овоз берувчиларни истак-ҳохишига қаралади», дея жавоб берди.

Қарангки, кўпчилик овози менга берилиб, ҳоким бўлиб сайландим.

Ўша йилларида шароит оғир ва нотинч эди. Бир кун Фарғонада тўполон бўлса, кейин Ўш билан чегарада салбий ҳодиса рўй берарди. Асосан муҳофаза билан шуғулланганмиз. Шундай бўлса-да хўжалик юритиш, мактаб, касалхоналар ташлаб қўйилмаган.

Ўша оғир йилларда оддий халқнинг мактаб қуриш талаби билан чиқиб, келажагини ўйлаганини эсласам, кўзимга ёш келади. Чекка қишлоқларда 6та мактаб қурганмиз», дейди Назиржон Саидов.

«Аввалига баъзи қарорларим устидан кулишганди»

«Тўлиқ 4 йил туманга раҳбарлик қилдим. Афандимижоз ишлар ҳам бўлган. Ёшлигимдан ўқувчиларнинг билим олиши ўрнига далага, пахтага чиқишига жуда қарши эдим. Ҳоким бўлган йилим: «Мактаб болалари пахтага чиқмайди, халқнинг ичида ишчи кучи етарли, ўзимиз териб оламиз», деб қарор қабул қилиб, бу фикримга вилоят ҳокимлигини ҳам ишонтира олдим.

Туманда бир дона касб-ҳунарга ўргатадиган «училише» бўларди. Уларни ҳам пахтага чиқармасдан, Хўжаобод туманига олма тергани жўнатиб юбордим. Қарорларим жиддий танқидга учраган, қаршилик қилишган. Бироқ режалар зўр бажарилиб, юзимиз ёруғ бўлган. Туман мен раҳбарлик қилган йиллар барча соҳаларда доим вилоятда энг олдинги қаторларда юрарди.

Бу жуда оддий таҳлилларим асосида амалга оширилган ишлар эди. Хўжалик юритишда икки-учта омилларни самарали ҳисоб-китоб қилиб кўрганман ва натижа берган. Туманда қишлоқ хўжалигида ишлаш учун аҳоли сони етарли эди. Ўша пайтларда Андижон шаҳрининг туманга яқин жойларида яшайдиганлар ҳам туманимизга пахта тергани ҳашарга чиқишарди. Етиштирилган пахтани тергани четдан ишчи кучи, ёрдамчи олиб келмаганмиз. Техникага катта эътибор берганмиз. Тажрибамиз ўз самарасини берган.

Халқнинг ичида ҳам: «Бу ҳоким ишни эплаб кетармикин. Қарорлари жуда ғалати...» деб ишонмаганлар, танқид қилиб мақола ёзганлар ҳам бўлган. Сўнг хўжалик йили охирида одамларнинг қўлига пул теккач, ёрдамчисиз, ҳашарчисиз пахтани териб, режани бажариш мумкинлигини исботлаганимиздан кейин ўша ишонмаганлар узр ҳам сўраган.

Демоқчиманки, халқимизга янгиликни сингдиришда журналистлигим қўл келган. Чунки халқ журналистларга, газетада, интернетда чиққан маълумотларга ишонади», – дейди у.

«Туманда қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳам шанба-якшанба дам олишган»

90-йилларгача ҳокимлик ходимлари, колхоз правлениелари вакиллари, бригадалар аъзолари шанба-якшанба кунлари ҳам ишга чиқарди. Назиржон Саидовнинг айтишича, у туман ҳокимлигида шу ҳолатга барҳам берган.

«Бу ҳам юрак амри билан бўлган. Туманнинг катта кенгашида: «Бугундан бошлаб, шанба-якшанба куни барча тумандаги масъуллар ҳам, жамоа хўжалиги аъзолари ҳам дам олади. Фақат культивация даври ўтиб кетмаслиги учун культивация қилаётган тракторчи, сув қўяётган сувчи зарур бўлса ишга чиқади», деб эълон қилдим.

Ахир инсон дегани қулдай дам олмай ишлаши мумкин эмас-ку?! Ўша пайтда бу ғалати ҳолат эди. Одамлар ўз ҳаққини билиб, дам олишни бошлашди. Улар фақат хурсанд бўлишди. Ўзи аслида ҳар доим шундай бўлиши керак эди.

Ҳозир Олтинкўлнинг қайси маҳалласига борсам, одамлар ёруғ юз билан кутиб олишади. Мана шунинг ўзи менга берилган энг юксак баҳо бўлса керак».

«Журналистика – эл суйган касб»

«Журналистларни кузатиб бораман. Улар ичида нафақат ҳокимлик, бошқа масъул лавозимларда катта муваффақият билан ишлаб кетиши мумкин бўлганлар жуда кўп. Биз ишлаган пайтларда қийинчиликлар бор эди. Ҳозир ўзгаришлар катта. Бемалол ишлаб кетишади. Фақат журналистларга ишониш керак.

Бизнинг касбимиз – эл суйган касб. Одамлар адолатсизликка дуч келса, у ташкилотдан бу ташкилотга югуриб иши битмаса, охири журналистнинг олдига келади. Шу билан фуқаро ўзини алдаган ёки жабр ўтказган раҳбарни, мутасаддини бошқаларга ҳам шундай қилмаслиги учун «журналист шу «каттаконни» уялтириб қўярмикин?» деб фикр қилади. Фуқароларнинг охирги умиди журналистдан бўлади.

Журналист ростгўй бўлиши, доим ҳақиқатни гапириши ва ёзиши керак. Юртни яхши ютуқларини тараннум этиши билан биргаликда унинг камчиликларини ҳам рўй-рост кўтариб чиқиши керак.

Жамиятнинг камчилиги худди бир дардга ўхшайди. У вақтида даволаниши учун матбуот бонг уриши ва тезроқ мана шу касалликдан фориғ бўлишга уриниши – журналистларнинг бурчи. Журналистлар жамиятнинг шифокоридир.

Кимдир матбуот ходимига нисбатан «тирноқ ичидан кир қидиряпти», деб ўйласа, бу ўша одамнинг ўзининг савияси ҳаминқадарлигидан далолат», – дейди Назиржон Саидов.

Элмурод Эрматов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Top