14:48 / 14.07.2020
11451

Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши суткалик рухсат этилган меъёрлардан ортган – «Ўзгидромет»

«Ўзгидромет»нинг хабар беришича, 6–11 июль кунлари ўтказилган мониторинглар шаҳарда ҳаво таркибидаги чанг, азот диоксиди, углерод оксиди суткалик рухсат этилган меъёрлар бир неча баробар ортгани қайд этилган.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри бўйича атмосфера ҳавоси сифати, ифлосланиши ҳолати мониторинги 10 та стационар постда ўтказилган.

6–11 июль кунлари жуда иссиқ ва қуруқ об-ҳаво кузатилгани туфайли шаҳар бўйича суткалик рухсат этилган меъёрлар:

– чанг бўйича 1,4 дан 2,4 мартагача;

– азот диоксиди бўйича 1,3 дан 1,5 мартагача

– углерод оксиди бўйича 1,1 дан 1,3 мартагача ортгани қайд этилган.

Бундан ташқари, «Ўзгидромет» 10-12 июль ва 13 июль тонгида Тошкент шаҳрида ифлослантирувчи моддаларнинг ўртача суткалик концентрациялари санитария меъёрларидан ошмаганини маълум қилди.

Кузатув маълумотларига кўра, азот диоксиди бўйича Яшнобод туманида 2 та, Юнусобод туманида 1 та; углерод оксиди бўйича Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларида 2 тадан, Миробод туманида 1 та рухсат этилган меъёрдан юқори ҳолат кузатилган. Бошқа туманларда ифлослантирувчи моддалар миқдори рухсат этилган меъёрдан ошмаган.

«Ўзгидромет» 15 июль ва 16 июль тонгида Тошкент шаҳрининг об-ҳаво шароити шаҳар ҳаво муҳитида бироз зарарли моддалар йиғилишига имконият яратиши ҳақида эслатган.

Top