13:47 / 18.07.2020
21141

Ўғли нафас ололмай қолган она  Турдимовдан йиғлаб ёрдам сўрагач, фарзанди касалхонага ётқизилди

Самарқандлик она фарзанди нафас ололмаётганини айтиб, вилоят ҳокимидан ёрдам сўради. Унинг фарзанди касалхонага ётқизилгани айтилди.

Телеграмда ўғли нафас ололмай қолганини айтиб, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовдан ёрдам сўраган аёлнинг мурожаати тарқалди. Унда аёл фарзанди 10 кундан буён иситмалаб ётганини, «Тез ёрдам» келмаётганини айтган.

«Эркинжон, бизга ёрдам беринг. 27 ёш ўғлим 10 кундан буён иситмаси тушмаяпти. Телефон қилмаган жойимиз қолмади, ҳеч ким жавоб бермаяпти. Поликлиника ҳам ёрдам бермаяпти, «Скорий» чақирсак, келмайди. Ёрдам беринг, Эркинжон. Ҳовлимни сотиб бераман, жонимни бераман», деган мурожаат давомида кўзида ёш билан гапирган она.

Zarnews.uz сайтининг ёзишича, мурожаатдаги онанинг фарзанди А.Мусинов айни дамда Самарқанд вилоят инфекцион касалликлар шифохонасига ётқизилган. Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожоновнинг маълум қилишича, беморнинг иссиғи 38 даражагача кўтарилган ва уй шароитида даволанган, лекин жараён ҳудуддаги поликлиника бўлим бошлиғи томонидан назорат қилиб борилган.

13 июль куни бемор поликлиникадаги шифокорлар гуруҳи беморни текшириб, уни стационарга ётқизишга қарор қилишган. Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозир беморнинг умумий ҳолати яхши. Zarnews.uz'даги хабарда беморнинг онаси шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарига юборилган аудиоси ҳам илова қилинган.

Top