09:50 / 21.07.2020
14875

Марказий банк раисининг собиқ ўринбосари Ашур Қодиров вафот этди

Таниқли олим, кўп йиллар давомида Ўзбекистон банк соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган етук мутахассис, Марказий банк раисининг собиқ ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори Ашур Қодиров вафот этди.

Ашур Қодиров 1953 йилнинг 23 сентябрида Бухоро вилоятининг Ғиждувон шаҳрида туғилган. 1974 йил Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни тамомлаган. 

У Москва молия институтида фан номзоди даражасини қўлга киритган бўлган бўлса, докторлик диссертациясини Санкт-Петербург молия-иқтисодиёт университетида профессор В.С.Герашченко раҳбарлиги остида ҳимоя қилган.

Қодиров турли йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Пул муомаласи ва кредит” ҳамда “Халқаро валюта ва кредит муносабатлари” кафедраларида фаолият юритган.

Шунингдек, Ашур Қодиров 1996 йилдан 2006 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банк раиси ўринбосари, 2006-2017 йилларда “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган ва Ўзбекистон банк соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган. 

Ашур Қодиров умрининг сўнгги йилларини ёшларга таълим беришга бағишлаб, “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг Ўқув маркази директори сифатида ҳам фаолият юритган ҳамда кўплаб шогирдларни етиштирган. 

Қодиров шунингдек долзарб иқтисодий масалаларга бағишланган қатор илмий мақолалар муаллифи ҳамдир. Олимнинг охирги илмий ишлардан бири 2019 йилнинг июлида академик Ш. Аюпов билан ҳаммуаллифликда чоп этилган “Оила иқтисодини бошқариш орқали рақамли иқтисодиётга ўтиш” монографияси бўлди. 

Top