20:09 / 22.07.2020
4731

ХТВ бу йилги мактаб битирувчиларининг 81 фоизи ОТМга ўқишга кириш учун ҳужжат топширганини маълум қилди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилда мактабларни битирган ўқувчиларнинг 81 фоизи олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.

«Жорий йилда олий таълим муассасаларига 366 556 нафар мактаб битирувчилари ҳужжат топширган. Бу эса умумий мактаб битирувчиларнинг 81,3 фоизини ташкил қилади, ўтган йил ушбу кўрсаткич 61 фоизни ташкил қилган эди.

Бунда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган битирувчилар сони бўйича Сирдарё вилояти етакчилик қилмоқда, вилоятнинг 94 фоиз битирувчиси ОТМга кириш истагини билдирган ва абитуриент бўлган. Кейинги ўринда 92 фоиз билан Навоий вилояти қайд этилган, Жиззах вилояти 89,5 фоиз кўрсаткич билан учинчи ўринда.

Бу йилги битирувчиларнинг 83 фоизи кундузги ўқув шаклини, 15 фоизи сиртқи ва 2 фоизи кечки ўқув шаклини танлаган», дейилади ХТВнинг Telegram каналида эълон қилинган хабарда.

Давлат тест маркази бу йил Ўзбекистон бўйича 91та олий таълим муассасаcида ўқиш учун 1 миллион 484 минг 85 нафар абитуриент ҳужжат топширганини маълум қилди. Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 417 минг 159 нафарга ёки 39,1 фоизга кўпдир.

Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top